Жаҳон | 17:18
1188
4 дақиқада ўқилади

Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда

Тадқиқотлар 2010 йилдан бери Хитойда 5-14 ёшли болалар ўртасида ўз жонига қасд қилиш сони беш баравардан кўпроқ ошганини кўрсатмоқда.

Хитой иқтисодиёти секинлашмоқда. Шаҳарда яшовчи ҳар беш нафар ёшдан бири иш топа олмаяпти, дейилади Forbes мақоласида. Кўчмас мулк нархи ҳаддан зиёд юқорилиги сабабли одамлар уй-жой сотиб олиш ва оила қуриш умидидан маҳрум бўлмоқда.

Хитойликлар болаликданоқ шиддатли рақобатга дуч келади: яхши иш топиш учун катта шаҳарга кўчиш зарур, ички миграция чекловлари қаттиқ бўлган шароитда эса бунинг учун нуфузли университетни тамомлаш керак. Ўз навбатида, олий таълимга кириш учун бир нечта имтиҳондан ўтиш талаб этилади. 15 ёшдаги ўсмирлар тест синовидан ўтади. Натижаларига қараб уларнинг ярмига юқори синфларда ўқишни давом эттиришга рухсат берилади, қолган ярмига эса таълим олиш йўли бутунлай ёпилади. Омади келганларни олдинда олий ўқув юртига кириш учун янада мураккаб имтиҳон кутиб туради.

Шу тариқа замонавий хитойликнинг деярли бутун ҳаёти 15-18 ёшгача тиришқоқлик билан ўқиш орқали шаклланади. Бундай тизимнинг самарадорлигига кўпчиликда шубҳа йўқ —муваффақиятсизлик учун жавобгарлик фақатгина ўсмир ва унинг оиласи зиммасига юкланади. Кўплаб ота-оналар репетитор ёллаб, болаларининг бўш вақтини ўйинларга эмас, балки нуфузли машғулотларга сарфлашга интилади. Масалан, шахмат ўйнаш ёки скрипка чалиш сингари.

Хитой ҳукумати репетиторликни тақиқлашга уринган бўлса-да, бозор ҳажмининг қисқариши нархларнинг кўтарилишига олиб келди, холос: ҳозирги кунда Шанҳай ва Пекинда энг зўр ўқитувчиларнинг бир соатлик дарси 400 долларгача етмоқда. Қўшимча машғулотларга имкони етмайдиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари эса янада тиришқоқлик билан ўқишга мажбур бўлмоқда.

Ота-оналарга ҳам осон эмас. Шаҳарда яшовчи ўртача оила фарзандидан ташқари, кекса ота-онасига ғамхўрлик қилишга мажбур. Қишлоқ жойларда яна бир муаммо: хитойликларнинг 11 фоизи маблағ етишмаслиги сабабли шаҳарга ишлашга кетади, лекин прописка тизими туфайли фарзандини ўзи билан олиб кетолмайди.

Қишлоқда қолганлар ҳам болаларини кўрмайди. 2000-2015 йилларда мамлакатда таълим муассасалари оптималлаштирилди ва 300 мингга яқин қишлоқ мактаблари ёпилди. Натижада, бошланғич мактабнинг ҳар саккизинчи ўқувчиси ва ўрта мактабнинг ҳар иккинчи ўқувчиси интернатда, баъзида эса уйдан анча узоқда таълим олишга мажбур бўлмоқда. Шу сабабли хитойлик деҳқонлар мактабга бергунича бирга яшаган фарзандини ўқитиш учун кеча-ю кундуз меҳнат қилади: интернатдан сўнг бола университетга кетади ва умрбод шаҳарда қолади.

1979—2016 йилларда Хитой фуқароларига фақат битта фарзанд кўришга рухсат берилгани сабабли, аксарият замонавий мактаб ўқувчиларининг ака-ука ва опа-сингиллари, ҳатто амакиваччалари ҳам йўқ. Ёш хитойликларга ўйин ўйнаш шунчаки ман этилмаган, балки улар билан ўйнайдиган одам йўқ. Тадқиқотлар ўйинлардан маҳрум бўлиб, вақтини фақат ўқишга бағишлаган болаларда хавотир ва тушкунлик ҳолатлари кескин ортишини кўрсатган. 2010 йилдан бери Хитойда 5-14 ёшли болалар ўртасида ўз жонига қасд қилиш сони беш баравардан кўпроқ ошди. 2018 йилда катта ёшли хитойликларнинг 35 фоизи депрессив ҳолат ҳақида хабар берган. Қишлоқ жойларда ва аёллар орасида бу кўрсаткич бир ярим баробар юқори.

Мавзуга оид