«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен сўнги йилларда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон томонидан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг 3 та асосий йўналишига тўхталиб ўтди. «Ўзбекистон ва Европа илгари мисли кўрилмаган даражада бир-бирига яқинлашди» — деди у «Ўзбекистонда Европа иқтисодиёти кунлари» бизнес-форумининг очилиш маросимидаги видеомурожаатида.
Бугун, 6 ноябр куни, Тошкентда Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси томонидан ташкил этилган 2024 йилги Европа иқтисодий кунларининг очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг 300 дан ортиқ ҳукумат ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокчиларга йўллаган видеомурожаатида сўнги йилларда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон томонидан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг 3 та асосий йўналишларига тўхталиб ўтди.
«Асрлар давомида Ўзбекистон глобал савдонинг «уриб турган юраги» бўлиб келган. Европалик савдогарлар кийим-кечак ва кулолчилик буюмларини харид қилиш учун Самарқанд, Бухоро ва Хивага келишган.
Улар сизнинг ҳашаматли саройларингиз, мафтункор манзараларингиз ва ранг-баранг маданиятингиз ҳақидаги ҳикоялар билан қайтишган. Бугун Ўзбекистон яна дунёга очилмоқчи
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа илгари мисли кўрилмаган даражада бир-бирига яқинлашди. Бу борада учта мисол келтирмоқчиман:
Биринчиси савдога оид. 2021 йилдан бошлаб биз ўзбек маҳсулотлари учун Европа бозорини очдик. Ўзбекистон экспорти, хусусан, тўқимачилик ва металлургия соҳасида жадал суръатлар билан ўсди. Ўсиш учун янада улкан салоҳият мавжуд.
Иккинчиси – инвестициялар соҳасида. «Глобал дарвоза» дастуримиз орқали биз сизнинг дунё билан ўзаро боғлиқ бўлиш мақсадингизни қўллаб-қувватлаймиз. Халқаро шерикларимиз билан биргаликда Европадан Шарқий Осиёга энг қисқа ва хавфсиз йўналиш бўлган Транскаспий йўлагига 10 миллиард еврогача инвестиция киритаяпмиз. У Европа ва Марказий Осиёни 15 кундан камроқ вақт ичида боғлашга имкон беради.
Шунингдек, мамлакатингизнинг энг чекка ҳудудларига энг замонавий рақамли алоқани етказиб бериш учун Ўзбекистонни сунъий йўлдош тармоғимизга улаш устида ишламоқдамиз. Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим.
Учинчи мисолим – биз стратегик соҳалардаги ҳамкорлигимизни кенгайтирмоқдамиз. Жорий йилнинг апрел ойида муҳим минералларни етказиб бериш занжири тўғрисида битим имзоладик», деди Урсула фон дер Ляйен.
Еврокомиссия президенти Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қуввотлаш устувор вазифалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
«Баъзи инвесторлар фақат хомашё қазиб олишдан манфаатдор эканини биламиз, лекин биз ундай эмасмиз. Биз энг юқори стандартлар асосида маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари ва қўшилган қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқаришларни яратишни қўллаб-қувватламоқчимиз. Чунки бу янада барқарор таъминот занжирини яратишнинг энг яхши усули ҳисобланади.
Ушбу иқтисодий форум компанияларимиз ўртасида янги алоқаларни ўрнатишга хизмат қилади, шунингдек, янги келишувларни янги ишбилармонлик имкониятларига айлантиради, деб умид қиламан», деди у.
Мавзуга оид
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
01:00 / 31.10.2024