Тахтиқорача довонидаги ҳалокатда уч киши вафот этгани тасдиқланди
Ҳодиса тушдан кейин юз берган ва уч киши ҳалок бўлган. Ижтимоий тармоқларда вафот этганлар хорижий сайёҳлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аввалроқ Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини боғловчи Тахтиқорача довонида улкан харсангтош юмалаб Соbalt машинасини босиб қолгани ва йўл ёпилгани ҳақида хабар берилганди.
Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати ҳалокат тафсилотларини маълум қилди. Унга кўра ҳодиса бугун 2024 йил 6 ноябр куни соат 15:45 ларда содир бўлган.
М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўлининг Китоб тумани «Қайнар» МФЙ ҳудудидан ўтган қисмида, Тахтиқорача довонидан Китоб-Самарқанд йўналишида кетаётган Cobalt машинасини тоғдан сирпаниб тушган улкан тош босиб қолган.
Оқибатда, машина ичида бўлган уч нафар шахс воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ижтимоий тармоқларда Cobalt’да ҳайдовчи билан бирга уч нафар Венгрия фуқароси бўлгани ва уларнинг тўртови ҳам ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар тарқатилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ҳалокат юз бергандан сўнг воқеа жойига ФВБ қутқарувчилари, ЙПХ, Тез тиббий ёрдам ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб бориб, вазият оқибатларини бартараф этган.
Тахтиқорача довонидан ўтган йўл ҳали очилмаган. ФВВ хабарида йўлнинг тез орада очилиши айтилган.
Мавзуга оид
22:54
Тахтақорача довонида транспорт воситалари ҳаракати тикланди
18:04
Тахтиқорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
10:59 / 04.11.2024
Оҳангаронда ўзаро тўқнашган Cobalt машинаси ва Isuzu автобуси ёниб кетди
21:36 / 03.11.2024