Жаҳон | 09:14
571
2 дақиқада ўқилади

РФда «НГ Европа» бош муҳаррири Мартинов сиртдан ҳибсга олинди

Москванинг Басманний суди фаолияти «номақбул» деб топилган «Новая газета Европа» нашри бош муҳаррири Кирилл Мартиновни икки ойга сиртдан ҳибсга олди.

Фото: kmartynov / VK

Москванинг Басманний район суди «Новая газета Европа» нашри бош муҳаррири Кирилл Мартиновни сиртдан ҳибсга олди. У «номақбул» ташкилот фаолиятини ташкил этганликда айбланиб, икки ойга ҳибсга олинди, деб хабар берди «НГ Европа» 6 ноябр, чоршанба куни. Ҳибсга олиш унинг Россия Федерацияси ҳудудига экстрадиция қилингани ёки ҳибсга олинган пайтидан бошлаб ҳисобланади.

«Афсуски, давлат нафақат уруш бошлади, балки сохта «Басманний судида ҳибсга олишлар» каби уятли ишлар билан ҳам шуғулланяпти», — деди Мартинов суд қарорига изоҳ бериб. Унинг қўшимча қилишича, «Новая газета Европа» Россия расмийларининг ҳаракатларига қарамай ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

«Номақбул» ОАВ раҳбарига нисбатан биринчи иш

Мартиновга нисбатан «номақбул» ташкилот фаолиятини ташкил этганлик учун жиноий иш қўзғатилгани 19 сентябр куни маълум бўлди. Нашр таъкидлаганидек, унинг бош муҳаррири Россияда эълон қилинган иккита «номақбул» ташкилот билан боғланган. Гап «НГ Европа»дан ташқари «Озод университет» таълим лойиҳаси ҳақида бормоқда.

ОАВ хабарларига кўра, бу «номақбул» ОАВ раҳбарига нисбатан қўзғатилган биринчи жиноий ишдир. «НГ Европа» бу мақомни 2023 йилнинг ёзида олди.