Трампнинг ғалабаси: у америкаликларни қандай ишонтира олди?
Доналд Трамп, шубҳасиз, Америка сиёсий тарихидаги энг драматик қайтишни амалга ошира олди. Оқ уйдан кетганидан тўрт йил ўтиб ўн миллионлаб америкаликлар унга яна бир имкон беришга қарор қилишди.
BBC’нинг Шимолий Америка бўйича муҳаррири Сара Смит шу мавзуни таҳлил қилди.
Бу кампаниянинг ўзи ҳам тарихга киради: Трамп иккита суиқасдга уриниш ҳолатини бошдан кечирди, унинг рақиби, амалдаги президент Жо Байден овоз бериш кунига бир неча ой қолганида пойгани тарк этди.
Сайловчиларнинг овозларини ҳисоблаш ҳали ҳам давом этмоқда, аммо Американинг ҳал қилувчи штатлари Трампни танлагани ва бундай танловнинг асосий сабаблари сифатида иқтисодиёт ва миграция билан боғлиқ муаммоларни кўрсатишгани аллақачон маълум.
Трамп учун бу — қулашдан кейинги парвоз бўлди. У 2020 йилги президентлик сайловларида Байденга ютқазганини тан олишдан бош тортганди ва унинг овоз бериш натижаларини бекор қилишга уринишдаги роли ҳамон текширилмоқда.
Трампга қарши 2021 йил 6 январида Капитолийга қилинган ҳужумни рағбатлантириш бўйича ҳам айблов илгари сурилган. Ва у Америка тарихида жиноий ишда айбланган илк амалдаги президент бўлади.
Трамп нима учун одамларда турли туйғулар уйғотаётганини тушуниш қийин эмас.
Ўз кампанияси давомида у сиёсий рақибларини аямади: улар устидан қўпол ҳазиллар қилди ва ҳатто қасос олиш билан таҳдид қилди.
Трампнинг иқтисодиёт ҳақидаги сўзлари одамларга тушунарли эди
Гап Трамп ҳақида кетганида жуда кам одам бетараф қолиши мумкин. Кампания давомида мен гаплашган сайловчиларнинг кўпчилиги Трамп турли бемаъни гапларни тўхтатса яхши бўлиши, аммо бунга катта аҳамият бермасликка тайёр эканликларини айтишди.
Улар учун Трамп ўзининг барча митингларида берган қуйидаги савол муҳимроқ эди: «Сиз икки йил олдингидан яхшироқ яшаяпсизми?»
Доналд Трамп учун овоз берганларнинг жуда кўпчилиги менга қайта ва қайта иқтисодиёт унинг президентлиги даврида яхшироқ бўлгани ва ҳозир улар ўша даврни қайтариш учун курашаётганини айтишди. Инфляция ошиш сабаблари асосан ташқи омиллар, масалан, ковид пандемияси бўлса ҳам, сайловчилар бунда ҳозирги маъмуриятни айбдор деб билишди.
Америкаликларни Байденнинг президентлиги даврида рекорд даражага етган ноқонуний миграция муаммоси ҳам қаттиқ ташвишга солади. Лекин сайловчилар Трамп ва унинг тарафдорларидан фарқли ўлароқ бу масалада ирқчилик қарашларини билдирмаган ва мигрантлар уй жониворларини ейиши ҳақида сафсата тўқимаганди. Одамлар шунчаки чегаралар самаралироқ қўриқланишини сўрашган.
«Америка биринчи ўринда»
Кўпчилик сайловчиларга, катта эҳтимол билан, Трамп кампаниясининг яна бир шиори ҳам ёқиб тушган: «Америка биринчи ўринда». Мен бутун мамлакат бўйлаб турли одамлардан — сўллардан ҳам, ўнг қарашлардаги одамлардан ҳам — АҚШ эҳтиёжлари учун сарфланиши тўғрироқ бўлган миллиардлаб долларлар Украинага берилаётгани учун кўплаб шикоятларни эшитдим.
Шу туфайли улар шунчаки сўнгги тўрт йил мобайнида Жо Байденнинг вице-президенти бўлган Ҳаррисга овоз бера олишмасди. Сайловчилар Ҳаррис ҳам шу сиёсатни давом эттиради деб ҳисоблашди, уларга эса ўзгаришлар керак эди.
Катта эҳтимол билан, тўрт йил олдин ҳокимиятда бўлган шахс ўзгаришлар билан энг кўп ассоциация қилингани (боғлаган) бу сайловлардаги парадокслардан бири бўлди. Аммо Трампнинг олдинги президентлик муддати билан солиштирилса, бир қанча муҳим фарқлар кўзга ташланади.
Трамп 2016 йилда ҳокимиятга келганида, у сиёсат дунёсида янги эди. Шунинг учун у маълум вақт давомида атрофига тажрибали сиёсий маслаҳатчилар ва ходимларни тўплади, улар унга ёрдам бериш билан биргаликда унинг ҳаракатларини чеклашди ҳам. Энди у, афтидан, белгиланган қоидалар бўйича ўйнашни истамайди.
Унинг дастлабки маслаҳатчилари ва ходимларидан кўпчилиги кейинроқ Трампга қарши шов-шувли айблар билан чиқиб, уни «ёлғончи», «фашист» ва «лавозимга лаёқатсиз» деб аташди. Улар агар атрофида фақат содиқлар қоладиган бўлса — айнан шундай бўлиши кутилмоқда — уни экстремал ғоялари йўлига тўсқинлик қиладиган одам топилмаслигидан огоҳлантиришганди.
Оқ уйни тарк этгач Трампга қарши Капитолийни штурм қилишдаги роли, миллий хавфсизлик соҳасидаги ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини бузгани ҳамда порноюлдузга тилини тийиб юриши учун тўлов қилгани бўйича қатор айбловлар илгари сурилганди.
Аммо Олий суд у президентлик лавозимида ўтирган чоғда содир этган ҳаракатлари учун қисман иммунитетга эгалиги ҳақида қарор чиқарди. Прокурорлар бу сафарги президентлик муддати давомида Трампга янги айбловлар қўйиши жуда қийин бўлади.
Ва президент сифатида у Адлия вазирлигига 6 январ кунги тартибсизликлар билан боғлиқ федерал айбловларни бекор қилишни буюриши мумкин — келгусида қамоқ жазосидан ташвишланмаслик учун. Шу билан бирга, Трамп Капитолий штурмида иштирок этгани учун айбланган юзлаб кишиларни афв этишни ваъда қилганди.
АҚШнинг икки версияси
Алалоқибат, сайловчилар Американинг икки версиясидан бирини танлашига тўғри келди.
Доналд Трамп уларга ҳозирда АҚШ — омадсиз давлат эканини ва фақат угина Америкага буюкликни қайтариши мумкинлигини айтди.
Камала Ҳаррис эса Трампнинг сайланиши — Америка демократияси мавжудлигига таҳдид туғдиришидан огоҳлантирди. Ҳозирча бу қанчалик тўғри бўлиб чиқиши номаълум. Аммо кампания давомида Трамп бу каби хавотирларни аритиш учун урингани ҳам йўқ.
У Владимир Путин ва Ким Чен Ин каби авторитар раҳбарлар ҳақида мақтовли гаплар айтади. «Бу сизга ёқадими, йўқми, улар ўз ишини аъло даражада уддаламоқда», деган у.
Шунингдек, унинг сўзлари ОАВдаги мухолифаларини овозини ўчиришга мажбур қилишга уринишга ишора қилади. Сайловдан бир неча кун олдинроқ Трамп ОАВ ходимлари ўлдирилишга қарши бўлмаслигини кўрсатадиган баёнотлар берди.
Ва у фитна назариялари ва овоз беришдаги қонунбузарликлар ҳақидаги асоссиз даъволарини тарқатишдан тўхтамади — ҳолбуки айнан овоз бериш эвазига у ҳокимиятга қайтди.
Энди сайловчилар унинг сайловолди ташвиқотидаги сўзларнинг қанчаси шунчаки «Трамп томонидан Трамп услубида айтилган» қуруқ гаплар эканини билиб олиши қолди.
Ва шуни ёдда тутиш лозим: унинг иккинчи президентлиги реалликлари билан тўқнашадиганлар фақатгина америкаликлар эмас.
Бутун дунё ҳам «Америка биринчи ўринда» шиори нимани англатишини билиб олади: у АҚШга кирувчи импорт маҳсулотлар учун жорий этмоқчи бўлаётган 20 фоизлик тарифларнинг глобал оқибатларидан тортиб Украина ва Яқин Шарқдаги урушларга қадар - у қайси томон ғалаба қозонишидан қатъи назар бу можароларга барҳам беришни ваъда қилганди.
Доналд Трамп ўзининг биринчи муддатида барча режаларини амалга ошира олмаганди. Энди, иккинчи президентлик мандатини қўлга киритиб, тийиб турувчи омиллардан халос бўлган шароитда у Америка ва бутун дунёга аслида нималарга қодирлигини намойиш этиши мумкин.
Мавзуга оид
21:33
Дунёнинг энг бадавлат ўн кишиси Трампнинг қайта сайланиши туфайли рекорд даражада бойиди
21:20
Трамп тарафдорлари АҚШдан ноқонуний мигрантларни депортация қилишга тайёрланмоқда – ОАВ
20:11
Маск бор кучи билан республикачиларни тарғиб қилди. Трамп уни қандай тақдирлайди?
19:32