Ўзбекистон | 07:37
5068
2 дақиқада ўқилади

202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди

Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими мансабдор шахслари 202,9 млрд сўмлик 200 та ижро ишини қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз тугатгани аниқланди. 

Фото: МИБ

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман бўлими мансабдор шахслари иш юритувидаги ижро ҳужжатларини асоссиз тамомлаш оқибатида фуқаро, жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилгани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, улар томонидан 202,9 млрд сўмлик 200 та ижро ишида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Жумладан, бюронинг туман бўлими иш юритувида бўлган «С.Б» МЧЖдан давлат фойдасига 19 млрд сўмлик, «П.П» МЧЖдан 179,2 млн сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз тугатилгани оқибатида ушбу солиқ қарздорликлари бугунги кунга қадар ундирилмаган.

Шунингдек, «СCГ» МЧЖ дан 26,3 млрд сўм, «Р.Ф.П.» МЧЖдан 19,4 млрд сўм ва «Я.М.С.Э.Т» МЧЖдан 1,7 млрд сўм давлат фойдасига солиқ қарздорликларини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мазкур корхоналар фаолият юритиб келаётган манзили аниқ бўла туриб, асоссиз тамомланган.

Шу каби «П.Э.Э.С» МЧЖдан ундирувчи «Б.П.Т» МЧЖнинг фойдасига жами 1,9 млрд сўм, «М.С.» МЧЖдан ундирувчи «С.» АЖнинг фойдасига 1,1 млрд сўм қарздорликларни, қарздор Б.П.дан ундирувчи Н.Г.нинг фойдасига 332 млн сўм жиноят натижасида етказилган зарарни, қарздор «М.Т» МЧЖдан давлат фойдасига 6,3 млрд сўм ва 331 млн сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулклар мавжуд бўла туриб, асоссиз якунланган.

Ҳолатлар юзасидан ўрганиш мобайнида тўпланган ҳужжатлар асосида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид