Жаҳон | 18:26 / 12.11.2024
2096
3 дақиқада ўқилади

Лондондан Женевагача – дунёнинг энг кучли бренд шаҳарлари рейтинги эълон қилинди

Шаҳарлар брендини баҳолашда еттита асосий мезонга таянилди.

Фото: Getty Images

Brand Finance брендларни баҳолаш бўйича халқаро консалтинг компанияси 20 мамлакатдан 15 000 киши иштирокида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланиб, дунёдаги энг жозибадор шаҳар брендлари рейтингини эълон қилди.

Brand Finance City Index рейтинги дунёдаги энг йирик 100 та шаҳар брендини ўз ичига олган.

Шаҳарлар брендини баҳолашда еттита асосий мезонга таянилди. Булар орасида — машҳурлик, сайёҳлар ва инвестицияларни жалб қилиш, яшаш учун қулайлик, масофадан ишлаш ва ўқиш, нафақага чиқиш имконияти кабилар бор. Бундан ташқари, “гўзал меъморчилик”, “меҳмондўстлик ва илиқлик”, “энг яхши харид имкониятлари” каби қўшимча мезонлардан ҳам фойдаланилган.

Лондон, Ню Йорк ва Париж ўтган йилдан буён дунёнинг энг машҳур мегашаҳарлари орасида ўз позициясини мустаҳкамлаб, дастлабки уч ўринни сақлаб қолди.

Лондон бутун дунёга танилгани, академик таълим олиш учун кенг имкониятларга эга экани ва машҳур диққатга сазовор жойлари туфайли 100 баллдан 90,9 балл тўплади.

Ню Йорк эса инвестициялар ва бизнес учун энг яхши шаҳар деб топилди (100 баллдан 89,8 балл).

Париж Brand Finance City Index рейтингида 87,8 балл тўплаб, ТОП-3 таликка кирди. Жаҳон миқёсида машҳурлиги бўйича Франция пойтахти иккинчи ўринни, сайёҳларни жалб этиш мезони бўйича эса учинчи ўринни эгаллади. Қизиғи шундаки, дўстона муносабат мезонига кўра, Париж атиги 25-ўринда: сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги парижликларни манман ва совуққон деб билади.

Яқин Шарқдаги энг яхши шаҳар бренди мақомини Дубай олди. Шаҳар сайёҳлар оқими ўсиши туфайли 86 балл тўплаб, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида биринчи ўринни, Brand Finance City Index рейтингида эса 5-ўринни қўлга киритди. Бундан ташқари, сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги Дубайни масофавий иш ва бизнес юритиш учун энг қулай шаҳарлардан бири сифатида эътироф этди.

Рейтингда Марказий Осиё шаҳарлари ўрин олмаган.

Дунёдаги энг кучли брендга эга ТОП-15 шаҳарлар:

1. Лондон

2. Ню Йорк

3. Париж

4. Токио

5. Дубай

6. Сингапур

7. Лос Анжелес

8. Сидней

9. Сан-Франсиско

10. Амстердам

11. Цюрих

12. Рим

13. Берлин

14. Торонто

15. Женева

Ижобий брендни муваффақиятли ривожлантираётган шаҳарлар кўп фойда кўради. Улар янада кўпроқ сайёҳлар ва инвестициялар жалб этиб, ўзларининг иқтисодий ва бизнес салоҳиятини оширмоқда. Бу эса ривожланиш ва ўсиш учун қулай муҳит яратади ҳамда янги иш ўринлари очилишига ва бутун дунёдан истеъдодли инсонларни жалб қилишга имкон беради.

Мавзуга оид