Жаҳон | 18:44 / 12.11.2024
18910
2 дақиқада ўқилади

Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди

Дастлабки маълумотларга кўра, машина ҳайдовчиси оилавий ажрим туфайли келиб чиққан мулкий можаро натижаларидан норози бўлгани учун машинани одамлар устига ҳайдашга қарор қилган.

Хитойнинг Чжухай шаҳрида автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб, South China Morning Post хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида шунингдек, 43 киши жароҳат олган.

Мазкур ҳодиса 11 ноябр куни шаҳардаги спорт маркази яқинида юз берган. Автомобилни 62 ёшли эркак бошқариб кетаётган бўлган — у яширинишга уринган вақтида қўлга олинган. Айни вақтда ҳайдовчи ўзига етказган жароҳати туфайли шифохонада комада ётибди. Нашрнинг аниқлик киритишича, эркак ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, эркак ажрашганидан кейин мулкий можаро натижаларидан норози бўлгани учун машинани одамлар устига ҳайдашга қарор қилган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, фожиа юз берган пайтда спорт маркази ҳудудида одамлар сайр қилаётган бўлган. Жабрланганлар орасида кексалар, ўсмир ва болалар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Франциянинг Ницца шаҳрида юк машинаси одамлар устига катта тезликда бостириб борганди. Ўшанда теракт оқибатида 80 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган эди. Юк машина ҳайдовчиси полиция томонидан йўқ қилинган.

 

Мавзуга оид