Жаҳон | 20:43 / 13.11.2024
6527
2 дақиқада ўқилади

«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди

Кинофилмни суратга олиш жараёнида ишлатиладиган ҳарбий техника реквизитлари армия эҳтиёжлари учун берилгани маълум бўлди.

Фото: Wikipedia

Россиянинг «Мосфильм» киностудияси бош директори Карен Шахназаров ўтган йили Россия Қуролли кучларига танклар ва бошқа ҳарбий техника совға қилганини айтди. Бу ҳақда у президент Владимир Путин билан бўлган учрашувда маълум қилди.

«Ҳарбий-техника базамизда сақланаётган 28 та Т-55 танки, саккизта ПТ-76 танки, 6 та пиёда жанговар машинаси ва 8 та тракторни бердик. Эҳтиёж борлигини билиб, Мудофаа вазирлигига мурожаат қилдим, улар бу техникаларни олиб кетишди», деди директор.

Буни эшитган Путин: «Биз «Мосфильм» билан фахрланамиз», деб жавоб берди.

Шахназаров, шунингдек, Путин билан учрашувда бу йил студия «хайрия ёрдами» учун 8 миллион рубл, жумладан, «махсус ҳарбий операция эҳтиёжлари учун» 6 миллион рубл сарфлаганини айтди.

The Insider нашрининг ёзишича, совет даврида ишлаб чиқарилган ПТ-76 танклари 2023-2024 йилларда Россия Қуролли Кучлари таркибида на «махсус ҳарбий операцияда» ҳам, ундан ташқарида ҳам кўринмаган.

«Мосфильм» веб-сайтидаги маълумотларга кўра, студия омборларида филмларни суратга олишда реквизит сифатида ишлатиладиган кўплаб ҳарбий техника, хусусан, «190 дан ортиқ зирҳли техника, зирҳли транспорт воситалари ва ўзиюрар ускуналар, турли даврдаги хорижий ҳарбий техникалар» бор.

Мавзуга оид