Иқтисодиёт | 10:43 / 13.11.2024
3849
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2030 йилгача Европага 10–15 млрд kW·h электр энергияси экспорт қилиши мумкин 

Европага «яшил энергетика йўлаги»нинг қиймати 2 млрд доллардан ортиққа баҳоланмоқда, деди энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов. 

Фото: EUROUZ

2030 йилга бориб Ўзбекистон 10–15 миллиард kW·h электр энергиясини хорижга экспорт қила олади. Бу ҳақда 6 ноябр куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунлари мавзусида Spot нашрига берган интервюсида энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди.

«2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 120–125 млрд kW·h атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бизда кўплаб генерация объектлари мавжуд – тахминан 135 млрд kW·h. Инфратузилма тайёр бўлиши билан электр энергиясини Европага экспорт қилиш мумкин», – деди Энергетика вазирлиги раҳбари ўринбосари.

Гап электр энергиясини Европага «кабел коридори» — «яшил йўлак» орқали етказиб бериш ҳақида бормоқда. Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча «яшил» электр энергиясини Озарбойжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Июлда Остона шаҳрида Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон «Марказий Осиё — Озарбойжон — Европа» «яшил энергетика» йўлагини яратиш лойиҳаси бўйича протокол имзолаганди. Баҳорда Тошкентда бўлиб ўтган инвестициявий форумда энергетика тизимларини интеграциялаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Spot’нинг Европага экспорт қилинадиган электр энергияси нархи ҳақидаги саволига Мамадаминов нархни бозор белгилаши, лекин ҳар киловатт учун камида 4–5 цент бўлишини айтди.

Кеча, 12 ноябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бокуда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим конференциясидаги нутқида Ўзбекистоннинг Европага “яшил” энергия экспорт қилишини кўзда тутувчи кўп томонлама битим яқин кунларда имзоланишини маълум қилди.

Мавзуга оид