14 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
Юк поездларида нархлар ошиши, порахўр ЙПХ ходимининг қамалиши, Андижон ва Самарқандда автоҳалокат қурбони бўлган 3-синф ўқувчилари — кун давомида Kun.uz'да ёритилган маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Логистика қимматлашади
“Ўзбекистон темирйўллари” компанияси маҳаллий қатновдаги вагонларда юк ташиш тарифларини оширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1 декабрдан бошлаб маҳаллий юк ташувлари тарифларининг вагон қисми 30 фоизга оширилади. Бу – ошаётган харажатларни қисман қоплаш ва юк вагон паркини янгилаш мақсади билан изоҳланган.
“Юк ташиш тарифлари инфраструктура, локомотив ва вагон қисмларидан ташкил топади. 1 декабрдан фақатгина вагон қисми 30 фоизга ошади, бу жами тарифга вагон туридан келиб чиқиб ўртача 8-10 фоиз таъсир этади”, – дейилади компания томонидан Kun.uz'га берилган изоҳда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан бошлаб юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш тарифларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилган.
Қўшработдаги зўрлаш жинояти
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган. Улар орасида Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси ҳам бор. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Аввалроқ Самарқанд вилоятида 8-синфда ўқийдиган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрлангани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ҳолат бўйича ўтказилган терговга қадар текширувда Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам бу ҳолатга алоқадорлиги аниқланган ва у 30 октябр куни ишдан бўшатилган.
Воқеа бўйича ҳуқуқ органларига 6 октябр куни арз қилинган, шундан кейин экспертизалар натижаларига кўра 31 октябр куни жиноят иши қўзғатилган. Ички ишлар органи 9 нафар шахсни гумонланувчи деб ҳисобламоқда. Улардан 8 нафари қўлга олинган, яна бирини ушлаш чоралари кўриляпти. Воқеа ҳақида хабар берган “Сукут сақлама” лойиҳасига кўра, гумондорлардан бири чет элга қочиб кетган бўлиши мумкин.
$200 порага 4 йил қамоқ
Сирдарёда ҳайдовчидан 200 доллар пора олган ЙПХ ходими 4 йилга қамалди. “Бу кун” дастурида хабар берилишича, ЙПХ катта инспектори лавозимида ишлаган ходим йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойга бориб, ҳодисани расмийлаштирган, тан жароҳати олган йўловчига нисбатан тиббиёт экспертизасини тайинлаган, авария содир этган машинани эса жарима майдончасига жойлаштирган. Орадан 4-5 кун ўтиб эса, ҳайдовчини ўз хизмат хонасига чақирган.
Ходим бу суҳбатда терговга қадар текширув материалларини ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилган ҳолда судга чиқариш, суд тиббий экспертизасини енгиллаштириш ва машинани жарима майдончасидан чиқариб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 400 доллар талаб қилган. Ҳайдовчи ходимнинг таклифига рози бўлмасдан, тегишли органларга мурожаат қилган. Унинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда катта инспектор ўз хизмат хонасида 200 долларни олаётган вақтда ушланган.
Гулистон шаҳар судининг ҳукми билан, порахўр ички ишлар ходими 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Йўлларда ўлаётган болалар
Андижон ва Самарқанд вилоятларида 3-синфда ўқиган икки ўқувчи йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлди. Асака туманидаги воқеада Damas автомобили ағдарилиб кетиб, пиёдалар йўлакчасида кетаётган 9 ёшли қизчани босиб қолган. “Миллар” дастури хабарига кўра, Damas ҳайдовчиси тез ҳаракатланиб келган ва кескин тормоз бериб, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган қизчани уриб юборган ва унинг устига ағдарилган.
Ҳодисадан кейин қизча зудлик билан шифохонага олиб борилган, лекин кўрсатилган муолажаларга қарамай, у вафот этган. Интернетда тарқалган воқеа видеосида Damas ҳайдовчиси пиёдалар йўлакчасига яқинлашаётиб эҳтиёт чораларини кўрмагани, катта тезликда ҳаракатланганини кўриш мумкин.
Самарқанд шаҳрида эса 3-синфда ўқиган болани автобус уриб кетди. Воқеа Камолиддин Беҳзод маҳалласида, мактаб олдидаги кўчада рўй берган. Isuzu русумли автобусни бошқариб борган ҳайдовчи Амир Темур кўчасида йўлни кесиб ўтаётган 3-синф ўқувчисини уриб юборган, бола воқеа жойида вафот этган. Жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи қўлга олинган. Ижтимоий тармоқларда у мактаб олдида катта тезликда ҳаракатлангани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мактаб ва боғчалар яқинида максимал тезлик соатига 30 км деб белгиланган, кўплаб мактаблар олдида тегишли йўл белгилари ўрнатилган, лекин аксарият ҳайдовчилар бу чекловга амал қилмайди.
“Йил имоми” аниқланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Йил имоми – 2024” мусобақасида ғолиб бўлган имом-хатибга Ҳаж сафари йўлланмасини топширди. Иккинчи ва учинчи ўрин ғолиблари эса пул мукофоти билан тақдирланди.
Мусобақа Ўзбекистондаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар ўртасида ўтказилган. Улар Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб берган. Шунингдек, меҳнат фаолияти давомида амалга оширган салмоқли ишлари ва ОАВда эълон қилинган ижодларини намойиш этган.
Танлов натижаларига кўра, Наманган вилояти “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир Насриддинов 1-ўринга лойиқ кўрилди ва у Ҳаж сафари йўлланмаси билан тақдирланди. 2-ўрин Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр Сатторовга, 3-ўрин Тошкент вилояти “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби Ёқуб Бухарбаевга насиб этди. Уларга мос равишда 16 ва 13 млн сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Мавзуга оид
20:58 / 13.11.2024
13 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:01 / 12.11.2024
12 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:00 / 11.11.2024
11 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:43 / 08.11.2024