Жаҳон | 20:38 / 14.11.2024
6447
3 дақиқада ўқилади

NBC: Илон Маскнинг хатти-ҳаракатлари Трампнинг атрофидагиларнинг ғашини келтира бошлади

Маск Мара-Лагога 5 ноябр куни сайлов натижаларини кузатиш учун келган ва кейинги ҳафтанинг асосий қисмини у ерда ўтказган. Миллиардер қароргоҳга куннинг исталган вақтида ташриф буюриб, Трампнинг ёнида ўтирган ҳолда унинг қўнғироқлари ва учрашувларига қўшилмоқда.

Фото: Reuters

Миллиардер Илон Маск сайловдан кейинги бир ҳафта давомида Доналд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳига деярли ҳар куни ташриф буюрди. Бу сиёсатчининг атрофидагиларни ғазаблантира бошлади, деб ёзади NBC News.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Маскнинг ташрифидан Трампга бизнесмендан кўра яқинроқ бўлган одамлар «чарчай бошлаган». Улар Маск ўз роли чегарасидан чиқиб кетаётганини айтмоқда.

«У ўзини ҳам президент сифатида тутяпти ва ҳамманинг бундан хабари борлигига ишонч ҳосил қилмоқчи. У ўзини президентнинг ғалабасига катта ҳисса қўшган деб ҳисоблаяпти. America PAC (Маск Трампнинг сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун очган қўмита) ва Х ижтимоий тармоғи билан тинглашни хоҳлаган барчанинг олдида мақтанмоқда. У Трампни ўзининг олдида қарздор сифатида ҳис қилишига мажбурлаяпти. Президент ҳеч кимга, ҳеч нарсага мажбур эмас», — дейди телеканал суҳбатдошларидан бири.

NBC News маълумотларига кўра, Маск Мар-а-Лагога 5 ноябр куни сайлов натижаларини кузатиш учун келган ва кейинги ҳафтанинг асосий қисмини у ерда ўтказган. Телеканал манбаларининг таъкидлашича, миллиардер қароргоҳга куннинг исталган вақтида ташриф буюриб, Трампнинг ёнида ўтирган ҳолда унинг қўнғироқлари ва учрашувларига қўшилмоқда.

Бошқа бир манбанинг айтишича, Маск «ҳамма нарса ҳақида ўз фикрига эга» ва буни шу қадар қатъият билан сингдиришга уринмоқдаки, бу Трамп доирасига ноқулайлик туғдиряпти. «У ўзини барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқига эга сифатида қабул қилишларини хоҳлаяпти. Аслида бундай бўлмаса ҳам», — дея қўшимча қилади телеканал суҳбатдоши.

Трампнинг ўзи Вакиллар палатасидаги республикачилар билан учрашувда Маск ҳақида илиқ фикр билдирган. Бир сафар у миллиардер доим ёнида экани ҳақида ҳам тўхталиб ўтган: «Илон уйига кетишни истамаяпти. Мен ундан қутула олмаяпман». Конгрессменлар бу шунчаки ҳазил сифатида айтилганини таъкидламоқда.

Илон Маск Доналд Трампнинг сайловолди кампаниясида «муҳим фигура»га айланди. У сиёсатчини молиялаштиришга ёрдам берди. Бизнесмен, шунингдек, Трампнинг кадр масалалари бўйича қарорларига таъсир кўрсатишни бошлади.

Мавзуга оид