«Пайпоғигача олиб бергандик, миннатдорчилик сифатида уйларимизни талашибди». Курскликлар талончилик ҳолатларини айтиб беришди
Украина қуролли кучлари бу жойга етиб бормаган.
Курск областида фаол ҳарбий ҳаракатлар бошлангач, Коренево посёлкасидаги кўплаб уйлар вайрона ва таланган ҳолга келган, деб ҳикоя қилади маҳаллий аҳоли вакиллари BBC рус хизматига. Украина қуролли кучлари август ойидаги юриши вақтида ушбу посёлкани эгаллашга ҳаракат қилган, аммо унинг фақат чекка ҳудудларига яқинлаша олган. Маҳаллий аҳоли вакиллари шошилинч тарзда ўз уйларини ташлаб кетишган ва мунтазам отишмалар остида эвакуация қилинган. Кореневога Россия армияси бўлинмалари етиб келган ва кўп ўтмай рақиб қўшинини посёлкадан бир неча километр нарига чекинтирган.
Кузда русларнинг қарши ҳужуми бошлангач, уйларига қайтган кореневоликлар вайронгарчиликлар, талончилик ҳолатлари ва ҳатто тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани ҳолатлари устидан чиққан.
Октябр ойида The New York Times газетаси сунъий йўлдош тасвирлари ва ижтимоий тармоқлардаги видеолар таҳлили асосида Кореневода тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани юзасидан мустақил суриштирувини эълон қилганди. Дрон орқали олинган роликларда посёлка чеккаларида фуқаролик кийимларида бўлган камида етти кишининг жасади акс этган. Маҳаллий кўнгилли Мария Скроб нашр билан суҳбатда мазкур ҳудудда 10 августдан 14 августга қадар муддатда жами 15 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Уларнинг вафоти сабаблари охиригача аниқ эмас.
Кореневода ҳалок бўлганларнинг жасадлари кейинроқ Курскдаги ўлихонага олиб борилган. Мария Скроб улар орасида 53 ёшли амакиси Сергей Скроб, шунингдек, қўшнилари Галина ва Владимир Коноплинларни таниган. Сентябр ойида у россиялик ҳарбийлар билан биргаликда Коренево районидаги Қизил октябр қишлоғига киришга муваффақ бўлган — ва бу ерда ўзи яшаган уй харобалари остидан ота-онаси ҳамда 90 ёшли бувисининг жасад қолдиқларини топган.
Маҳаллий аҳоли вакиллари BBC билан суҳбатда Кореневода талончилик ишлари билан ҳарбий либосдаги кишилар шуғулланганини айтишган.
43 ёшли тадбиркор, сўнгги 20 йил мобайнида турмуш ўртоғи Олег билан бирга Кореневода яшаб келган Тамара Скринникованинг посёлкада телефон буюмлари сотиладиган шахсий дўкони қолган. Эр-хотин украинлар ҳужуми бошланганида бу ердан кетишган ва фақат сентябр ойи охирларида уйга қайта олишган.
Тамаранинг сўзларига кўра, Кореневога кириш жойида улар йўл бўйида қазилган хандақларни, ағдарилган ва ёниб кетган машиналарни учратишган. Уларнинг кўчасидаги айрим қўшниларнинг уйлари вайрон бўлган ва ичкари қисми ёниб кетган.
Скринниковлар ўз уйини таланган ҳолда кўришган: дарвоза бузиб кирилган, эшиклар ва деразалар синиб кетган, ошхона деворлари кетчуп билан бўяб ташланган, пишириш печи ҳамда идиш ювадиган машина синдирилган, барча хоналарда чиқинди ва турли, жумладан бегона эркакларнинг буюмлари сочилиб ётган. Шахсий буюмлардан ноутбук, телевизор, чангюткич, пайвандлаш аппарати йўқолган, сейфдан эса — ов милтиғи ва пичоқлар, ов қилишда фойдаланиладиган дурбин олиб кетилган. Гараждан «Лада»ни ўғирлашган, унинг ўрнига қандайдир бегона машина ва УАЗик ғилдираклари қолдирилган. Ваннахонада «Армия России» номли шампунлар, залда — армия аскарлари пешонасига тақиб юрадиган чироқлар топилган.
Тамара Скринниковага тегишли дўкон ҳам тўлиқ талон-торож қилинган. Аёлнинг сўзларига кўра, август бошида бу ерда бир ярим миллион рубллик маҳсулот бўлган. «Ноутбуклар ва планшетлар — барчаси олиб кетилган. Бўш илгаклар, бўш шкафлар, полда йиртиб ташланган қутилар. Синдирилган шиша витриналар. Полда ётган шиша синиқлари. Мен у ерда шуларни кўрдим», — деган у BBC журналистларига.
Гувоҳларга кўра, Скринникованинг уйи ва дўкони номаълум шахслар томонидан 10 августга қадар бўлган муддатда очиб кирилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, уйда «ҳарбийлар» яшаган. Тамара Скринникова улар ҳозир ҳам шу ерда яшаётгани, аммо булар «ўз жойини йиғиштирадиган», нимадир керак бўлса — «рухсат сўрайдиган» «тартибли ҳарбийлар»дир.
«АвтоКоренево» номли автомобил эҳтиёт қисмлари сотиладиган дўкон эгаси Владимир Борзов ҳам қуролланган ҳарбийларнинг талончилигидан шикоят қилган. Ўзининг сўзларига кўра, унинг дўконида ҳам барча нарса таланган ва синдирилган, «деярли 9 миллионлик маҳсулотдан 50 минглиги» қолган. У BBC билан мулоқот қилишдан бош тортган, аммо «барчасини гилам остига яшираётган» расмийларга шикоят қилганини тасдиқлаган.
Коренево шифохонаси ходими анонимлик шарти билан журналистларга тиббиёт муассасасидаги бузиб кириш ва ўғирликка оид фотогувоҳликларни тақдим этган. «Тинч аҳоли вакиллари ҳам, ҳарбий ва келгинди бўлган талончилар ҳам бор! [Биз ҳарбийлар учун] пайпоқ ва ички кийимларидан тортиб, квадрокоптер ва квадроциклларигача сотиб олиб бергандик, миннатдорчилик ўрнига эса таланган уйларни олдик», — деган у.
«Пятерочки» дўконлар тармоғининг 44 ёшли администратори Елена Пориваевоа Кореневодан 6 август куни кетган. У турмуш ўртоғи ва 11-синфда ўқийдиган қизи билан уч ойдирки Воронеж областидаги вақтинча жойлаштириш пунктида истиқомат қилмоқда. Яқинда унга укасининг рафиқаси Кореневодан видео юборди. Унга кўра, ҳозирга келиб Пориваеваларнинг посёлкадаги уйидан пойдевор ва ғиштин деворнинг айрим қисмлари қолган. Фақат ошхона жойлашган қўшимча бино омон қолган. У ердан стуллар, стол, иккита совуткич камераси, музлаткич олиб чиқилган, дудбўрон кўчириб олинган. Афтидан, [бошқа уйлардан олинган] телевизорлари етарли бўлган», — деган Елена. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда посёлкадаги «уйларнинг ярми бўшатиб кетилган». Ҳатто унинг синглиси ишлаган массажхонаси бўлган сартарошхонадан ҳам «барча нарсани ташиб кетишган», унинг укасининг уйидаги компютерлар ва пайвандлаш аппарати йўқолган.
Сентябрда Кореневонинг уйлари таланган аҳолиси Москвадаги кучишлатар тузилмаларга коллектив мурожаат йўллашган — мудофаа вазири, ИИВ, Тергов қўмитаси ва прокуратура раҳбарларига. Ҳужжатнинг тўлиқ матни аноним «Досье Шпиона» телеграм-каналида эълон қилинган. «Шаҳар типидаги Коренево посёлкасида Украина қуролли кучлари ҳарбийлари бир кун ҳам бўлишмаган, аммо барча дўконлар, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, зарбалардан омон қолган уйлар бузиб кирилган ва таланган… Одамлар ҳарбий формадаги шахслар эшикларни бузиб очаётгани, уйларга, дўконларга, дорихоналарга, омборларга киришгани ва мулкларни ташиб кетишганига гувоҳ бўлишган», — дейилади бу мурожаатда.
Курск области губернатори Алексей Смирнов октябр ойи охирида ВКонтакте ижтимоий тармоғида қолдирган постида «ҳарбий полиция ходимлари талончилик ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни текшираётгани, аммо кўп ҳолларда бу рақибнинг махсус хизматлари томонидан тарқатилаётган бўҳтон бўлиб чиқаётгани»ни айтганди.
Мария Скроб Коренево районига гуманитар ёрдам олиб келишни давом эттирмоқда. У аҳоли аста-секин посёлкага қайтаётгани, аммо бу ерда деярли барча нарса вайрон бўлганини айтади: ўт ўчириш қисми, бозор, прокуратура, ижтимоий объектлар, уйлар, дўконлар. «Ичимлик сув кам. Амалда ҳеч қаерда ток ҳам, сув ҳам, газ ҳам йўқ. Исиниб бўлмайди. Овқат тайёрлаш учун ҳеч нарса йўқ. Бундай шароитда қишдан омон чиқиш қийи», — дея хулоса қилади у.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
20:04 / 29.10.2024