Жаҳон | 17:24 / 14.11.2024
2221
2 дақиқада ўқилади

The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин

Британиянинг The Times газетаси «агар Доналд Трамп АҚШ ҳарбий ёрдамини рад этса, Киев бир неча ой ичида оддий атом бомба яратиши мумкинлиги»ни ёзди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат бундай қуролга эга эмаслигини ва уни яратиш нияти йўқлигини билдирди.

Фото: EPA-EFE

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Британиянинг The Times газетасида «Киев тезкорлик билан 1945 йилда Нагасакига ташланган бомба каби оддий қуролни яратиши мумкин», дейилган мақолага изоҳ берди.

«Украина Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага риоя қилади; биз бундай қуролга эга эмасмиз, унга тушунмаймиз ва яратиш ниятимиз йўқ. Украина МАГАТЭ билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва унинг мониторинги учун мутлақо шаффофдир, бу эса ҳарбий мақсадларда ядровий материаллардан фойдаланишни истисно этади», — деди ТИВ вакили Георгий Тихий.

The Times газетаси 13 ноябр куни Украина Мудофаа вазирлиги учун тайёрланган ҳисобот ҳақида ёзганди. Унда «агар Доналд Трамп АҚШ ҳарбий ёрдамини рад этса, Киев бир неча ой ичида оддий атом бомба яратиши мумкинлиги» қайд этилган. Ҳисоботни Украинадаги нуфузли ҳарбий таҳлил маркази ҳисобланувчи Армия, конверсия ва қуролсизланишни ўрганиш маркази тайёрлаган.

Газета иқтибос келтирган ҳужжатда таъкидланишича, Украина тезкорлик билан АҚШ томонидан 1945 йилда Нагасакига ташланган «Бақалоқ» бомбаси технологияси бўйича плутонийдан бомба яратиши мумкин. «Қўшма Штатлар Манхеттен лойиҳаси доирасида амалга оширганидек, 80 йилдан кейин оддий атом бомбасини яратиш қийин иш бўлмайди», — дейилади ҳисоботда.

Қуролсизланиш масалалари бўйича мутахассис Павел Подвиг The Times мақоласини «мутлақ телбалик» деб атади. «Афтидан, Украинада етти тонна плутоний борлиги ва ундан «юзлаб турдаги қуроллар»ни яратиши мумкинлиги инобатга олинган кўринади. Аммо плутонийнинг барчаси ёқилғи кўринишида. Уни ажратиб олиш учун қайта ишловчи завод керак, Украинада бўлса, у йўқ», — дейди Подвиг.

Мавзуга оид