Ўзбекистон | 14:12
8239
2 дақиқада ўқилади

Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди

Сўнгги бир йилдан ортиқ вақт давомида Янгийўл шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Дилшод Султонов лавозимидан озод этилди. Шаҳар ҳокими лавозимига Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаган Равшан Раимов тайинланди.

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳокими Дилшод Султонов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида ўтган Халқ депутатлари Янгийўл шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Унинг ўрнига Равшан Исоқжонович Раимов шаҳарнинг янги ҳокими этиб тайинланган.

Равшан Раимов 1976 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Мутахассислиги-иқтисодчи.

У фаолияти давомида Давлат солиқ тизимида бир қатор раҳбарлик лавозимларда, шунингдек, 2020–2023 йилларда Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

Тайинловга қадар, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

Дилшод Султонов 2023 йилнинг август ойида Янгийўл шаҳри ҳокими лавозимига тайинланганди. У1980 йилда туғилган, 2002 йилда Тошкент темирйўл муҳандислари институтини тамомлаган, мутахассислиги — иқтисодчи.

Молия вазирлиги тизимида иш фаолиятини 2003 йилдан бошлаган. 2003–2012 йилларда Молия вазирлигининг солиқ сиёсати бошқармаси бош иқтисодчиси, бўлими бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи. 2013–2017 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи, Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимларида ишлаган. 2017–2018 йилларда молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи бўлган.

2018 йил сентябридан 2023 йил августига қадар молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаганди.

Мавзуга оид