Ўзбекистон | 10:53
348
2 дақиқада ўқилади

Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган болалар ота-онасидан олиб қўйилиши мумкин

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Қонуннинг 13-моддасига кўра, Ички ишлар органлари болага нисбатан зўравонлик ва ғамхўрлик кўрсатмасликка йўл қўйган ота-оналар тўғрисидаги ахборотни ваколатли давлат органига юборади. Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тўплайди, уларни таҳлил қилади.

Бундан ташқари, ваколатли давлат органига боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилган ҳолларда болани ота-онасидан (уларнинг биридан) олиб қўйишда кўмаклашади.

Болани ота-онасидан (уларнинг биридан) олиб қўйиш асоси 38-моддада белгиланган бўлиб, унга кўра, боланинг ҳаёти ёки соғлиғи бевосита хавф остида қолганда ваколатли давлат ортгани болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёки уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан олиб қўйишга доир чоралар кўришга ҳақли. Бу фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли ҳужжатига асосан профилактика инспектори иштирокида амалга оширилади.

Бола олиб қўйилганда ваколатли давлат органи зудлик билан прокурорга хабар бериши, боланинг вақтинча жойлаштирилишини таъминлаши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан болани олиб қўйиш ҳақида ҳужжат қабул қилинганидан кейин 7 кун ичида ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисида судга даъво билан мурожаат этиши шарт.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач, 2025 йил 15 май куни кучга киради.

Мавзуга оид