Ўзбекистон | 16:05
820
7 дақиқада ўқилади

“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат

Республика Маънавият ва маърифат маркази барча медиа маҳсулотларни маънавий экспертизадан ўтказишини эълон қилди. Бу эса кескин танқидларга сабаб бўлмоқда. Экспертиза миллий менталитет ва қадриятлар ҳимоячиси бўлиши айтилган, лекин фаоллар қамров кенгайиб, цензурага айланиб кетишидан хавотирда.

Kun.uz мавзу юзасидан марказ вакили ва фаоллар иштирокида суҳбат ўтказди. Ижтимоий тармоқларда маънавий экспертиза давлат сиёсатига мос келмайдиган, ҳукуматни жиддий танқид қилувчи материалларни йўқ қилиш кампанияси сифатида қабул қилинмоқда. Яна бир кутилма эса экспертиза баҳонасида цензуранинг кучайишидир. Республика Маънавият ва маърифат маркази икки қарашни ҳам кескин рад этади, ташаббускорлар фикрича, бу текширув объектида – бутун халқимиз ва айниқса ёшлар, болалар манфаатлари турибди. 

Медиа маконда тарқатилаётган материалларнинг тури ва жанри кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эмас, миллий қадриятларимизга мос келмайди. Маънавий экспертиза шу каби материаллар берилишининг олдини олиш, уларнинг софлиги ва миллий ахлоқимизга мослигини таҳлил қилиб боришни мақсад қилган, дейди муаллифлар. 

Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича, қилиниши керак бўлган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар бусиз ҳам талайгина. Мустақилликдан кейин узоқ йиллар олиб борилган “миллий ғоя” кампаниябозлигидан бугун аниқ бирор натижани кўрсатиш мушкул. Миллий қадриятлар, миллий ўзликка боғланган ҳар қандай ташаббуслар аввало қонунларга мос келиши лозим. Экспертизани жорий қилиш учун аниқ таҳлил ва ҳисоботлар керак бўлади, медиа маҳсулотлар аҳоли онгига жиддий таъсир ўтказиб, бунинг оқибатлари оғир бўлаётганини исботловчи далиллар бормиканки, медиа маҳсулотлари экспертизадан ўтказиши керак, дейди Ташанов. 

“Биринчи низом тасдиқлангани айтилди, жамоатчиликнинг кескин қаршилигига учрагач, ташаббускорларнинг чекинганига гувоҳ бўлдик. Агар биз ҳуқуқий-демократик давлат  бўлсак, биринчи навбатда қонунларга мурожаат қилиш керак ва бу қанчалик қонунларга тўғри келади? Радикаллашув бўйича диний экспертиза керакдир, лекин маънавий экспертиза нима? Эртага кимдир маиший экспертиза талаби билан чиқса-чи? Сўз эркинлигига дахл қилувчи ҳар қандай қадамларни қоралаймиз”, - Абдураҳмон Ташанов.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти файласуфи Шаҳло Аҳророва фикрича, бу бирдам қилинган иш эмас. Глобаллашув мафкуралар урушини келтириб чиқарди, одамлар онгини қуроллар билан эмас, ғоялар билан эгаллаш осонроқ, дейди у.

“Глобаллашув асрида миллий қадриятлар едирилмоқда. Шу хусусида биз иш олиб бормасак, бизнинг давлатимиз қадриятларини четдан келиб биров асраб бермайди-ку. Ҳар бир миллат ахлоқ  пардаси бўлади, уни четдан тирнаб кетишса, сиз қўйиб бермайсиз-ку. Миллий экспертизани рад этганлар бўлди, лекин қўллаганлар сони анчагина. Биз бирданига ҳамма материал ёки маҳсулотларни ёмонламаяпмиз, бутун медиа маконни қамраб ҳам ололмаймиз. Ота-оналар олдимизга савол қўйяпти, боғчаларда катталар муносабатларини болаларга қўйиб беришмоқда. Узоқ муҳокамалардан кейин бунга қўл урдик”, - Шаҳло Аҳророва.

Муаллифларга кўра, бу борада орқага чекиниш йўқ, экспертизани такомилига етказиш давом этади. Бироқ масаланинг нозик томони бу – қандай ишлаши ва қайси талаблар асосида таҳлилларнинг олиб борилиши. Экспертлар гуруҳи ҳам одамлардан ташкил топган ҳамда бутун медиа маконни назоратга олиш, материалларни битталаб кўриб чиқиш – имконсиз. Ташановнинг қўшимча қилишича, экспертизанинг функцияси нималардан иборат бўлиши, хулосанинг ҳуқуқий омиллари муҳим. Агарда экспертлар гуруҳи фақат тавсия билан чекланса, бунга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Лекин фақат тавсия бўлса, экспертиза гуруҳининг ўрни ҳам қолмайди.

“Бизнинг ишимиз таклиф ва тавсиявий характерга эга. Демократия бу – хоҳлаган ишни қилиш дегани эмас, маданий демократияга эришишимиз керак. Бунда ўзи хос миллий хусусиятларимизни сақлаб қолишимиз жоиз бўлади. Демократия деб, бутунлай ўзлигимиздан воз кеча олмаймиз. Собиқ Совет иттифоқи ягона мафкура, дея пароканда бўлди. Демократияни ҳам шундай қабул қилмаслигимиз керак”, - Шаҳло Аҳророва. 

Ташаббусчилар сўзларига кўра, экспертиза чекловчи характерда ишламайди, лекин асосий маъно барибир ижод эркинлигига дахл қилади. “Миллий тикланиш” ДП бўлим бошлиғи Иброҳимжон Жўрабоевнинг айтишича, бу цензурага сабаб бўлмайди. Ташаббуснинг айнан марказдан чиқишини ҳам норма сифатида қабул қилиш лозим.

“Бахтимизга биз Африканинг чўлида яшамаймиз. Марказ кучишлатар тузилма эмас, юридик кучи ҳам йўқ. Асоссиз қоралаш ва цензура қилишдан экспертиза гуруҳи ҳам манфаатдор эмас. Дунёда шахсларни фикрлар ва ғоялар бошқаради. Бир ғоя кетса, унинг ўрнига бошқаси келади. Ўзбекистон халқида эса миллат тарихидан келиб чиқувчи дунёқараш бўлгани фойдалироқ. Акс ҳолда унинг ўрнига Америка, Россия ғоялари кириб келади”, - Иброҳимжон Жўрабоев.

Республика Маънавият ва маърифат маркази баёнотида келишича, Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиа маҳсулотлар давлат сиёсати, размлари, умумий қадриятларга, инсоний фазилатларга таҳдид солмаслиги керак ва экспертизада шу томони ўрганилади. Инсон ҳуқуқлари фаоли Ташановнинг қайд этишича, гуруҳ шунчаки тавсиявий характерда ишласа-да, давлат ҳамда ҳукуматнинг жиддий ташкилотлари бунга бош-қош. Иккинчидан, фақат тавсия билан кифояланиш – қилинган ишнинг бекор кетишига ҳам олиб келиши мумкин. Марказ вакили Аҳророва бу қарашларни ҳам рад этди. Унинг жавоб беришича, бундай типдаги медиа материалларнинг яратилиш сабаби ўрганилади. 

Суҳбатдан хулоса шуки, филм, кино, сериал ва турли клиплар, ролик ва медиа маҳсулотларнинг миллий менталитетдан йироқ мазмунда бўлишини ўрганиш ва бунга қарши курашиш  – яхши қадам. Лекин экспертиза таъсир доираси ва функциясининг бошқа мақсадларда, айниқса, сўз эркинлигини бўғишга хизмат қилишидан хавотир юқори.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид