Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
2011 йил Москвада россиялик собиқ ҳарбий зобит отиб кетилади. Кейинчалик жиноятда гумонланиб чечен миллатига мансуб шахс ушланади. Қотилликда қасд мотиви бор эди – рус зобити ўн бир йил аввал 18 ёшли чечен қизини зўрлагани учун ўлдирилганди.
1991 йил август ойида СССР парчаланиб кетгач Россия оғир вазиятга тушиб қолади. Ҳукуматда сиёсий инқироз юзага келади ва Москвага ҳарбийлар киритилади.
Бундан ташқари, Кавказда чеченлар мустақил бўлиш учун ҳаракат бошлашади. Тарихга Биринчи Чечен уруши номи билан кирган урушда Россия армияси муваффақиятсизликка учрайди.
1991 йилдан 1994 йилгача давом этган бу урушда Россия чеченлар билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Сулҳга кўра, Россия армияси Чеченистондан тўлиқ олиб чиқилади. Чеченистоннинг келажакдаги статуси 2001 йилгача музлатилади.
Шу тариқа бир муддат Чеченистон Москва таъсир доирасидан чиқади. Бироқ 1999 йилда Владимир Путин Россия бош вазири бўлгач айирмачи чеченларни бўйсундириш учун Иккинчи чечен урушини бошлайди.
Иккинчи чечен урушида Россия армияси оғир йўқотишлар эвазига бўлса ҳам ғалаба қозонади ва Чеченистон Россия таркибига қайтарилади.
Иккинчи чечен уруши давом этар экан, россиялик кўплаб журналистлар ва жамоат фаоллари Россия ҳарбийлари тинч аҳолини ҳам ўлдираётгани ва бу билан ҳарбий жиноятлар содир этаётгани ҳақида бонг уришарди.
Ана шундай ҳарбий жиноятлардан бири 2000 йилда содир бўлади. Россия армияси подполковниги Юрий Буданов 18 ёшли чечен қизни зўрлаб, сўнг ўлдиради.
Ожизанинг зўрланиши ва ўлдирилиши
2000 йил 26 март куни тунда Чеченистоннинг Ўрис-Мартан туманида жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган 160-гвардия полки командири Юрий Буданов штаб бошлиғи Иван Фёдоров билан қизи туғилгани муносабати байрам уюштиради.
Маст бўлиб қолган бу икки зобит учта зирҳланган пиёдалар жанговар машинасини яқин атрофдаги овулга ҳайдашни буюради.
Катта лейтенантлардан бири маст зобитларнинг буйруғини бажаришдан бош тортади. Шунда улар лейтенантни дўппослаб, чуқурга ташлашади.
27 март куни соат 1:00 лар атрофида подполковник Юрий Буданов зирҳли жанговар машинага ўтириб Чеченистоннинг Ўрис-Мартан туманидаги Танги овулига кириб боради.
Подполковник овулдаги уйларнинг бирига кирганда у ерда тўрт нафар вояга етмаган укаси билан ўтирган 18 ёшли Элза Кунгаевага дуч келади.
Подполковник қўл остидагиларга қизни пиёдаларнинг жанговар зирҳли машинасига чиқаришни буюради. Шу тариқа қизни Буданов яшаб хизмат қилган ҳарбий қисмга олиб боришади.
Буданов аввалига қиздан чечен жангарилари яширинган жойни сўрайди. Элза жавоб бермагач подполковник уни зўрлайди ва бўғиб ўлдиради. Сўнг қўл остидагиларга қизни яширинча кўмиб юборишни буюради.
Қизни ҳарбийлар олиб кетгани барчага маълум бўлгач, 27 март куни кундузи бу ишнинг хабари Москвага ҳам етиб боради. Шундан сўнг Элзанинг ҳарбий қисмда ўлдирилгани ошкор бўлади.
Аввалига подполковник сувдан қуруқ чиқиб кетиш учун турли баҳоналар тўқийди. Қиз сўроқ пайтида хавфли хатти-ҳаракатлар содир этганини, чечен жангарилари томонида туриб россиялик ҳарбийларга қарши жанг қилишини айтганини таъкидлайди. Бироқ суриштирувларда Элзанинг жангарилар билан алоқаси тасдиқланмайди.
Қиз чечен тупроғини топтаётган, уруш баҳонасида ёш ва қариларни аямасдан ўлдираётган россиялик ҳарбийлардан нафратланган. Лекин бу учун уни зўрлаб ўлдириш ҳаддан ошиш эди.
Буданов дастлабки баҳоналари тасдиқланмагач қизни қўл остидаги аскарлардан бири – Александр Егоров ўлдирганини айтади. Турли босимлар остида аскар дастлаб буни тан олади.
Бироқ сал вақт ўтгач Егоров қизни ўлдирганини инкор этади ва қизни ҳатто кўрмаганини айтади. У ОАВ вакилларига прокурорнинг мажбурлаши туфайли қотилликни бўйнига олганини айтиб беради.
Кўп ўтмай Буданов содир этган жиноятига иқрор бўлади ва у ҳибсга олинади.
Қизнинг жасади экспертизадан ўтказилганда унинг зўрлангани ҳам тасдиқланади. Будановнинг жинояти оммага ошкор бўлгач, кўплаб фаоллар буни қоралаб чиқишади.
Суд ва Будановнинг қамалиши
Буданов тергов қилинар экан, 2002 йил 31 декабр куни Шимолий Кавказ ҳарбий округ суди Будановни ақлдан озган деб топади ва уни жиноий жавобгарликдан озод қилади.
Вазиятнинг бу тарзда ўзгариши Кунгаевлар оиласини ҳам, жамоатчилик фаолларини ҳам ҳайрон қолдиради. Фаоллар Буданов ақлдан озмаганини ва ҳарбий суд уни ноҳақ жавобгарликдан озод қилаётганини айтиб чиқади.
2003 йил 28 феврал куни Россия Олий суди ҳарбий коллегияси Шимолий Кавказ ҳарбий округ судининг қарорини бекор қилади ва ишни қайта кўриб чиқишга юборади.
Ўша йили 25 июл куни Будановга Россия жиноят кодексининг 286-моддаси 3-қисми (хизмат ваколатидан чиқиш), 126-моддаси 3-қисми (одам ўғирлаш), 105-моддаси 2-қисми (оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) билан айблов эълон қилинади.
Суд Будановни айбдор деб топади ва унга 10 йил қамоқ жазоси беради. Ундан барча мукофотлар ва унвонлар тортиб олинади. Буданов Дмитровград шаҳридаги қамоқхонага жойлаштирилади.
2007 йилда Буданов бемор ота-онасига қараш учун муддатидан аввал қамоқдан озод қилишни сўраб Димитровград шаҳар судига ариза топширади.
Шаҳар суди аввалига аризани қаноатлантирмайди. Аммо орадан бир йил ўтгач 2008 йил 24 декабр куни Будановнинг аризаси қаноатлантирилади. У 2009 йил 15 январ куни озод қилинади.
Ўшанда Будановнинг қамоқдан озод қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров “Агар Буданов афв этиладиган бўлса Чеченистонда унинг қилмишларига яраша жазо берадиганлар етарлича топилади”, деб чиқади.
11 йил кутилган қасос
Будановнинг муддатидан аввал озод қилиниши Кунгаевлар оиласини ва фаолларни яна ҳаракатга келтиради. Улар бу ишдан норозиликларини айта бошлашади.
Бу орада, Буданов озод қилингандан 4 кун ўтиб 19 январда Москвада Кунгаевлар оиласи манфаатларини судда ҳимоя қилган адвокат Станислав Маркелов ўлдириб кетилади.
Буданов 18 ёшли чечен қизини зўрлаб ўлдиргани ошкор бўлган 2000 йилдаёқ жуда кўп чечен йигитлари уни ўлдиришга ваъда беришганди.
Кейинчалик, Буданов қамалгач бир муддат ўзини “овлаётганлар” кўзидан панада бўлади. Чунки у оддий қамоқхоналардан бирмунча хавфсиз бўлган, жиноят содир этиб қамалган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари сақланадиган қамоқхонада ўтиради.
Буданов озод бўлгач чечен қасоскорлари унинг изидан тушишади. Бироқ икки йил у тутқич бермайди.
Буданов ҳар доим ёнида қўриқчи билан юради. Одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормайди. Тез-тез яшаш жойини алмаштириб туради. Бироқ барибир чеченлардан қочиб қутула олмайди.
2011 йил 10 июн куни Москвадаги Комсомол кўчасида номаълум шахс Будановга ўқ узади ва уни ўлдиради.
Будановнинг ўлдирилишида чеченларнинг қўли борлигини барча биларди. Чечен миллатига мансуб Юсуп Темирханов асосий гумондор сифатида ушланади.
2013 йилда судялар ҳайъати Темирхановни Будановни ўлдирганликда айбдор деб топади ва унга 15 йил қамоқ жазоси тайинланади. Жазони қаттиқ режимли колонияда ўташ белгиланади.
Орадан беш йил ўтгач, 2018 йил 3 август куни Темирханов қамоқхона шифохонасида вафот этади.
Темирханов миллий қаҳрамон
Юсуп Темирхановнинг дафн маросими республика даражасида ўтказилади. Кўплаб чеченлар ва Кавказнинг бошқа миллат вакиллари уни миллий қаҳрамон деб атай бошлашади.
Темирхановнинг жанозасига жуда кўп одам келади. Ҳатто Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ҳам Темирхановнинг овулига уни жанозасида қатнашиш учун боради ва унинг яқинларига ҳамдардлик билдиради. Шу ерда у Темирхановни чечен халқи қаҳрамони деб атайди.
“Мен бугун бу ерга ўз қардошларимга ва халқимга бир гапни айтиш учун келдим. Темирхановни ноҳақ қамашди ва у Яратганнинг тақдири азали билан вафот этди. У ҳамиша чечен халқининг ёдида қаҳрамон сифатида қолади”, деган эди Қодиров ўшанда.
Темирханов дафн этилгандан сўнг Чеченистон ҳукумати уни республиканинг олий ордени билан мукофотлайди. Шунингдек, республикадаги бир неча кўчага ва Темирханов ўқиган мактабга унинг номи берилади.
2019 йилда Белгиянинг Гент шаҳрида эркин кураш бўйича Юсуп Темирханов халқаро турнири ўтказилади. Ўша йили Мянмада яшовчи роҳинжаларнинг лагерида Юсуп Темирханов номидаги масжид очилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46 / 16.11.2024