Ўзбекистон | 13:10
679
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди

Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти аъзолари ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Маълум қилинишича, конференция доирасида иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва уларга мослашув жараёнларини молиялаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган қатор форумлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Сенат Раиси Т.Норбоева ҳам форумда ўз нутқи билан иштирок этиб, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида қатор ташаббуслар илгари сурилаётганини, дунё ҳамжамиятини бир бўлишга чорловчи халқаро таклифлар билдирилганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Жумладан, Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви туфайли денгизга чиқиш имконияти йўқ давлат ҳисобланишини эътиборга олиб, Шавкат Мирзиёев СОР29 саммитидаги нутқида денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда БМТнинг инновацион агросаноат хабини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Т.Норбоева ҳам ўз нутқида бу йўналишда барча парламентлар қонунчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашишлари муҳим аҳамият касб этиши, парламентларнинг илмий-тадқиқот институтлари, марказлари, ёшлар парламентлари ўртасида мунтазам ҳамкорлигини таъминлаш зарур эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва ҳукуматларга тақдим этиш амалиётини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ эканлиги билдирилган.

Мавзуга оид