Жамият | 11:38
2957
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

Ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти Ургут туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб уч кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 2024 йил 29 июл куни соат 12:30 ларда Самарқанд вилояти, Ургут туманидан ўтувчи «Ургут — Ғўс - Авазмерган» автомобил йўлида содир бўлган.

2003 йилда туғилган ҳайдовчи «Cobalt» автомобилида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги «Damas» билан тўқнашган.

Оқибатда «Damas» ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳодиса жойида, яна бир йўловчи эса шифохонада вафот этган. Шунингдек, яна икки нафар йўловчи ва «Cobalt» ҳайдовчиси тан жароҳатлари олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани судида қоидаларни бузиб одамлар ўлимига сабаб бўлган 21 ёшли ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб одамлар ўлимига сабабчи бўлиш) билан айбдор деб топилган.

“Миллар” информацион дастурида берилган лавҳада айтилишича, суд ҳайдовчига 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Мавзуга оид