Жаҳон | 05:07
6752
3 дақиқада ўқилади

Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди

Энди украинлар чегарадан 300 км масофагача бўлган ҳудудларда рақиб қўшини ва объектларини нишонга олиши мумкин бўлади. АҚШ маъмуриятидагилар бундай қарор Курск областида КХДР ҳарбийлари пайдо бўлганига жавобан қабул қилинганини айтмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Украинага ўз ихтиёридаги ATACMS узоқ масофали ракеталардан Россиянинг Курск областидаги ҳарбийлари ҳимояси учун фойдаланишга рухсат берди, деб ёзади The New York Times ҳукуматдаги манбаларига таяниб.

Нашр «АҚШ сиёсатидаги жиддий ўзгариш» деб атаган бу қарор Курск областига шимолий кореялик ҳарбийлар жойлаштирилганига жавоб сифатида қабул қилинди, дея тасдиқлаган расмийлар.

Нашр суҳбатдошларига кўра, Украина қуролли кучларига ATACMS ракеталари билан Россия ҳудуди бўйлаб зарба йўллашига рухсат берилиши Шимолий Кореяга унинг Курск областидаги ҳарбийлари ожиз ҳолатда экани ва КХДР Россияга ёрдам учун бошқа қўшин юбормаслиги лозимлиги ҳақидаги сигнал бўлиши керак.

The New York Times манбалари АҚШнинг ATACMS ракеталаридан фойдаланиш бўйича сиёсатидаги бу ўзгариш урушнинг боришини тубдан ўзгартиради деб ҳисобламаяпти.

Байденнинг маслаҳатчилари ATACMS ракеталаридан Россия ҳудуди бўйлаб фойдаланиш борасида якдил фикрда эмас, дея қайд этган нашр манбалари. Улар ҳозирча гап ракеталардан фақат Курск областидаги нишонлар бўйлаб фойдаланишга рухсат берилгани ҳақида кетаётган бўлса-да, келгусида Байден Украинага бу қуроллардан бошқа жойларда фойдаланишга ҳам рухсат бериши мумкинлигини истисно қилмаган.

Reuters манбалари ҳам Байден Украина қуролли кучларига ATACMS ракеталаридан Россия ҳудуди бўйлаб ҳужумларда фойдаланишга рухсат берганини тасдиқлаган. Украиналик ҳарбийлар яқин кунларда бу имкониятдан фойдаланмоқчи экани айтилган.

Доналд Трамп январ ойи охирида президентликка келганида Байденнинг бу қарорини бекор қилиши ёки йўқлиги ҳозирча номаълум, дея қайд этади агентлик.

Украина президенти Володимир Зеленский кўп вақтдан буён ғарблик иттифоқчилар уларга етказиб берган узоқ масофали ракеталардан Россия ҳудудлари бўйлаб фойдаланишга рухсат беришини сўраб келаётганди.

АҚШ Украинага узоқ масофали ATACMS ракеталарини, Буюк Британия — Storm Shadow, Франция — SCALP ракеталарини етказиб берган. Украина қуролли кучлари бу қуролларни РФнинг аннексия қилинган Қримдаги объектларига зарба беришда қўллаган. Аввалроқ Франция ва Буюк Британия Украина қуролли кучларига бу борада тегишли рухсатни беришга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бунинг учун АҚШ ҳам ATACMS ракеталаридан Россия ҳудудлари бўйлаб фойдаланишга рухсат бериши талаб этиларди.

Сентябр ойи охирида NYT Америка ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда АҚШ разведкаси агар ғарбликлар Украинага узоқ масофали ракеталардан РФ ҳудудлари бўйлаб фойдаланишга рухсат берадиган бўлса, Россия «қатъий жавоб ҳаракатлари»га ўтиши мумкин, шу билан бирга, бу ракеталардан фойдаланиш урушнинг боришини ўзгартирмайди, деб ҳисоблаётгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид