Жаҳон | 11:37
1048
3 дақиқада ўқилади

Немис "яшиллари" Ҳабекни канцлер лавозимига номзод қилиб кўрсатди

Германия иқтисодиёт вазири ва вице-канцлер Роберт Ҳабек феврал ойида бўлиб ўтадиган эрта Бунестаг сайловларида "Иттифоқ-90"/"яшиллар" сайлов рўйхатини бошқаради.

Фото: Daniel Roland/AFP/Getty Images

Германиянинг "Иттифоқ-90"/"яшиллар" партияси 23 февралда бўлиб ўтадиган Бундестагга навбатдан ташқари сайловларда Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабекни расман федерал канцлер лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Унинг номзодини 17 ноябр, якшанба куни Висбаденда бўлиб ўтган федерал партия қурултойида иштирокчиларнинг 96,5 фоизи қўллаб-қувватлади.

Овоз беришдан олдин сўзга чиққан 55 ёшли Ҳабек ўтган йилларда тўплаган тажрибасига таяниб, масъул лавозимни эгаллашни хоҳлашини таъкидлади. Аввало, у "Германия халқи учун" масъулиятни ўз зиммасига олмоқчи. У, шунингдек, иқлим ўзгариши ва популизмнинг кучайиши билан боғлиқ муаммоларга ишора қилди ва сиёсий спектр марказида иттифоқ тузишга тайёр бўлишга чақирди.

ХДИ раҳбари Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда

Мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқдан (ХДИ) Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартириш зарур деб ҳисоблайди. Мерц 13 ноябр куни Германия канцлери Олаф Шолцнинг ҳукуматга баёноти муҳокамаси чоғида «Германия, айниқса, миграция, ташқи, иқтисодий ва хавфсизлик сиёсати соҳаларида тубдан бошқача йўналишга муҳтож», деди.

Христиан-демократлар партияси раиси мамлакатнинг ёмон иқтисодий кўрсаткичларига тўхталар экан, немис иқтисодиётининг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини тиклаш учун энди ҳамма нарсани қилиш кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, энергетика сиёсати ва «ортиқча бюрократия» муаммоларини тез ва чуқур ҳал қилиш керак.

ХДИ раҳбари, шунингдек, Берлиннинг миграция сиёсатини кучайтиришга чақирди: Германияга ноқонуний миграциянинг юқори ўсишини тўхтатиш, айрим ҳолларда оилаларни бирлаштиришни тўхтатиш ва қочқинлар ҳамда муҳожирларни Германия чегараларида ортга қайтариш.

«Сиз энди ҳеч қандай шарт қўя олмайсиз», деди у Олаф Шолцга қарата. У социал-демократлар ва «яшиллар» ҳукумати энди Бундестагда кўпчиликка эга эмаслигини таъкидлаб: «Биз сизнинг қулаган ҳукуматингиз учун захира ўйинчиси эмасмиз», деди.

Шу билан бирга, Фридрих Мерц ХДИ/ХСИ консерватив фракцияси Федерал конституциявий судни кучайтиришга қаратилган Асосий қонунга ўзгартириш киритишни қўллаб-қувватлашига ваъда берди.

Мавзуга оид