Жаҳон | 01:38
968
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко 21 нафар собиқ кучишлатар тизимлар вакилларини унвонидан маҳрум қилди

Беларус президенти матбуот хизмати бу мамлакатда 2020 йилги президентлик сайловлари вақтида юз берган оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ эканини маълум қилди.

Беларус президенти Александр Лукашенко 21 нафар собиқ ҳарбий ва куч тузилмалари ходимларини ҳарбий ҳамда махсус унвонлардан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Лукашенко матбуот хизматининг маълум қилишича, бу Беларусда 2020 йилги президентлик сайловлари вақтида юз берган оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ.

«2020 йили ижтимоий-сиёсий вазият кескинлашган даврда улар ҳарбий хизматчи мақомига тўғри келмайдиган номақбул хатти-ҳаракатлар содир этган», — дейилади хабарда.

Беларусда сўнгги сайловлар 2020 йил 9 августда бўлиб ўтганди. Ўшанда Марказий сайлов комиссияси 80,1 фоиз овоз билан Александр Лукашенкони ғолиб деб топган. Унинг рақиби Светлана Тихановская расман 10 фоиз овоз тўплаган. Сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланган эди. Тихановская мамлакатни тарк этган ва унга қарши бир неча жиноий иш очилганди.

Амалдаги президент Александр Лукашенко 1994 йилдан бери — кетма-кет олти муддат президент сифатида фаолият юритмоқда. Жорий йил феврал ойида у яна ўз номзодини қўйиш режалари ҳақида гапирган, бироқ август ойида у фуқароларни мамлакатда янги президент бўлишига «кўникишга» чақирган эди. Шу билан бирга, у беларусларни «эртага ёки индинга» тарк этмаслигини таъкидлаган.

Октябр охирларида Вакиллар палатаси (Беларус парламентининг қуйи палатаси) навбатдаги президентлик сайлови санаси ҳақида қарор қабул қилган — сайлов 2025 йил 26 январида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид