Жамият | 18:11
2998
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ота ва унинг икки фарзанди, Бухорода она ва ўғил ис газидан заҳарланиб, вафот этди

Ҳар икки ҳолатда ис гази қўлбола усулда тайёрланган печкада ёқилган табиий газдан чиққан.

Фото: AFP

Наманган вилоятининг Поп тумани ҳамда Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Маълум қилинишича, 18 ноябр куни соат 7:30 ларда Поп тумани, Исковут маҳалласида яшаган 36 ёшли А.Б., унинг 2014 йилда туғилган қизи ҳамда 2010 йилда туғилган ўғли яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этган. Шунингдек, хонадонда бўлган А.Б.нинг турмуш ўртоғи Г.М. ис газидан заҳарланиб, оғир ҳолатда туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Поп туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 12 ноябр куни соат 17:00 да Когон шаҳрининг Хива кўчасида жойлашган хонадонда 1987 йилда туғилган аёл ва унинг 12 ёшли ўғли ис газидан заҳарланиб, вафот этишган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолатда ис гази хонани иситиш учун ўрнатилган қўлбола печкада ёқилган табиий газдан чиққан.

Аввалроқ Нукус шаҳрида эр-хотин ва уларникига меҳмон, Бекободда эса ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб, вафот этганди.

Мавзуга оид