Ўзбекистон | 12:11
1965
3 дақиқада ўқилади

Президент янги сайланган сенаторларнинг фаол бўлишига ишонч билдирди

Илгари сенаторлар қонунларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ваколатга эга эмас эди. Янгиланган Конституцияда Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилиши билан масала ўз ечимини топди. Президент янги сайланган сенаторлар энди бу жараёнларда фаол бўлишига ишонч билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг янги чақириқдаги илк ялпи мажлисида иштирок этмоқда. Давлат раҳбари юқори палата аъзоси этиб сайланганларни табриклади.

Мирзиёев ўз нутқида айтишича, сенаторларнинг ҳар 3 нафаридан бири илмий даражага эга. Қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари – хотин-қизлар. Бу – оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик фаолияти ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади, деди президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бўлиб ўтган сайловлар “маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб бермоқда”.

Маҳаллий кенгашлар таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик илк бор депутат бўлган. Кенгашларда аёл депутатлар улуши 32 фоизга етган, 30 ёшгача бўлган депутатлар сони 3,5 карра ошган. Бу – Сенат фаолиятини эндиликда янгича ёндашув ва қарашлар асосида ташкил этишда муҳим рол ўйнаши айтилди.

Шавкат Мирзиёев юқори палатанинг аввалги таркиби фаолиятини эътироф этди.

“Айниқса, аёллар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларида Сенат алоҳида фаоллик кўрсатди.

Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилди, ижро органларига 1 минг 300 та сўров киритилди.

Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етди”, – деди президент.

“Конституция янгиланиши билан, Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.

Илгари сенаторлар назорат тадбирларида ёки сайловчилар билан учрашувларда қонунларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ваколатга эга эмас эди. Янгиланган Конституцияда Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилиши билан масала ўз ечимини топди.

Президент янги сайланган сенаторларимиз энди бу жараёнларда фаол бўлишига ишонч билдирди”, – дейилади расмий релизда.

Мавзуга оид