Жамият | 20:49
1817
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида салкам 7 килоли чақалоқ туғилди

Чақалоқнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда, ҳозирда она ва бола шифокорлар назоратида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар туғуруқ комплексида вазни 6 килограмм 865 грамм бўлган чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.

«Чақалоқнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Она кесарча кесиш орқали туғдирилган, бу унинг иккинчи фарзандидир», — дейилади хабарда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаеванинг берган маълумотларига кўра, ҳозирда она ва бола шифокорлар назоратида. У бундай ҳолат Тошкент вилоятида биринчи бор кузатилаётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил апрелда Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси акушерлик комплексида етти килоли қизалоқ туғилган эди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллион 355,4 минг нафарни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда 693,9 нафар туғилиш қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 716, 9 минг кишини ташкил этган. Ҳисобот даврида туғилишлар сони 3,2 фоизга қисқарган.

Мавзуга оид