Жамият | 19:44
1419
2 дақиқада ўқилади

Йўл қурилиши бўйича буюртма олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

МЧЖ раҳбари фуқарога Тошкент—Бойсун автойўлини қуриш ва таъмирлаш лойиҳаси бўйича тендер ғолиби бўлган хорижий компания буюртмасини олиб беришни ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан йўл қурилиши бўйича буюртма олиб бериш учун 50 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди.

Қайд этилишича, йўл қурилиши ҳамда таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари Н.Ш. ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент—Бойсун автойўлини қуриш ва таъмирлаш лойиҳаси бўйича тендер ғолиби бўлган хорижий компаниянинг қиймати 500 минг долларлик қурилиш ишларини бажариш бўйича буюртмасини олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у буюртма қийматининг 10 фоизини, яъни 50 минг долларни олган вақтида ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ушланган.

«Таъкидлаш лозимки, у муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамасдан, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид