Жаҳон | 18:21
2261
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ

Буюк Британия бир неча ойдан бери Қўшма Штатларга бу масала бўйича босим ўтказиб келаётган эди.

Фото: AFP

Россияга зарба бериш учун Британиянинг узоқ масофали Storm Shadow ракеталаридан фойдаланиш бўйича Украинага АҚШ томонидан қўйилган чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматидаги юқори мартабали манбаларга таяниб The Times хабар берди.

Қайд қилинишича, Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг бу масала бўйича позицияси «Украинага ўзини ўзи ҳимоя қилиш учун мос деб билган тарзда қурол ишлатишга рухсат беришдан иборат». Буюк Британия бир неча ойдан бери Қўшма Штатларга бу масала бўйича босим ўтказиб келган.

Нашрнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар ракеталарни пастлаб учиши учун зарур бўлган навигация маълумотларини тақдим этади ва улар 250 км масофага учади. Дастлаб, Оқ уй зиддиятнинг кучайишдан қўрқиб, рухсат беришдан бош тортиб келаётган эди.

Бироқ, The Times нашрининг Британия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбасига таяниб ёзишича, «бурилиш нуқтаси» Россия томонидан КХДР аскарларини можарога тортилишидан кейин юз берган.

Аввалроқ, АҚШ президенти Жо Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўллашга рухсат берган эди. Шундан сўнг, Кир Стармер Storm Shadow ракеталаридан фойдаланиш фақат «вақт масаласи» эканига ишора қила бошлади. The Times манбалари бош вазирнинг риторикани ўзгартиришни «қасддан қилинган» деб таърифлаб, буни АҚШ чекловларининг бекор қилиниши билан боғлайди.

17 ноябр куни The New York Times газетаси АҚШ президенти Жо Байден Украинага Курск областидаги операцияда иштирок этаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун узоқ масофали АТАСМС ракеталаридан фойдаланишга рухсат берганини ёзди.

18 ноябр куни РБК-Украина нашри ўзининг ҳарбий-сиёсий доиралардаги юқори мартабали манбасига таяниб, Буюк Британия ва Франция Украинага Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат берганини, аммо бу рухсат фақат Курск областига тегишли эканини ёзди.

19 ноябр куни Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи марта зарба йўллагани ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Мавзуга оид