Ўзбекистон | 11:38
1332
2 дақиқада ўқилади

Ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш мўлжалланмоқда

2025 йилда бирламчи бўғинда 3 миллион 700 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш, бу жараённи рақамлаштириш орқали саратон касалини эрта аниқлаш кўрсаткичини 85 фоизга етказиш мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтяпти.

Президент таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш – ҳамиша ҳукуматнинг кун тартибида туриши керак бўлган асосий вазифалардир.

Энг аввало, ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш учун бирламчи тиббий хизматларнинг аҳоли учун қулайлиги ва сифатини ошириш зарур. 

Хусусан, 2025 йилда бирламчи бўғинда 3 миллион 700 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш, бу жараённи рақамлаштириш орқали саратон касалини эрта аниқлаш кўрсаткичини 85 фоизга етказиш мумкинлиги таъкидланди.

Ҳукумат маҳаллалардаги 18 мингта тиббиёт бригадаларини ўқитиш, 884 минг нафар беморни уй шароитида реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этади. Шу билан бирга, туғуруқхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 100 миллион доллар йўналтирилади.

Давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига “кафолатланган пакет” асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими келгуси уч йилда барча шаҳар, туман ва қишлоқлар қамраб олиниши зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш каби масалалар бўйича ҳукумат алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши лозим.

Мавзуга оид