Жаҳон | 16:02
3435
8 дақиқада ўқилади

Варшава кўчаларидаги ўлимлар 2 баробарга камайтирилди: қандай қилиб?

Кўчалардаги ўзгаришлар ва сиёсат ислоҳотидан сўнг Полша пойтахти «Vision Zero» хавфсизлик мақсадларига етишиш учун катта қадам ташлагани билан мақтаниши мумкин: сўнгги ўн йилда кўчалардаги ўлим билан боғлиқ ҳодисалар икки баробарга қисқарган.

Варшавадаги пиёдалар ўтиш йўли ва велойўлакнинг дрондан олинган тасвири. Фото: Матеуш Влодарчик / NurPhoto

Полша пойтахти бу йил муҳим ютуқни қўлга киритганини нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда: статистика тўпланиш бошланган 1980-йиллардан буён Варшава ўз йўлларида энг кам ўлим даражаси кузатилганига эришди. Швецияда 1990-йилларда шакллантирилган ва йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ўлимлар ва оғир жароҳатларни бартараф қилишга қаратилган Vision Zero хавфсизлик стратегиясига содиқ эканини намойиш этиб, Варшава сўнгги 10 йил ичида йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сонини 55 фоизга камайтиришга муваффақ бўлди, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Аҳолиси 2 млн бўлган ушбу шаҳар учун бу ажойиб натижа, чунки бир пайтлар Варшава ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам ўта хавфли шаҳар саналган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги энг расво саналувчи 1991 йилда Варшава кўчаларида 314 киши ҳалок бўлган; 2023 йилга келиб йўлларда ўлганлар сони 29 тагача камайди ва уларнинг 11 нафари пиёдалар. Агар аҳоли зичлиги инобатга олинса, Варшава кўчалари Европа Иттифоқининг кўплаб шаҳарларидан хавфсиз саналади, чунки миллион аҳолига 15 ўлим тўғри келмоқда.

Пиёдалар Варшавадаги Уч хоч кўчасини кесиб ўтмоқда. Шаҳарда йўллардаги хавфсизлик даражаси сўнгги ўн йилликда анча оширилди. Фото: Бартек Садовски/Bloomberg

Полшада умумий йўл ҳаракати хавфсизлиги даражаси ҳамон яхшиланишга муҳтож: умуммиллий даражада йўллардаги ўлим ҳолатлари 2014 йилдан буён 40 фоизга пасайганига қарамасдан, мамлакат ҳар миллион фуқарога 52 ўлим билан Европа Иттифоқида ЙТҲ натижасида ўлим ва жароҳат даражаси бўйича сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турибди (ЕИда ўртача кўрсаткич 46 ни ташкил этади). Гарчи Варшаванинг ҳозирги кўрсаткичлари мамлакат бўйича кўрсаткичлардан анча яхши бўлса-да, шаҳардаги хавфсизлик ҳимоячилари кейинги ҳаракатларда фаолроқ бўлишни талаб қилмоқда: бу йил жамоатчилик маст ҳолдаги ва тезликни оширган ҳайдовчиларнинг айби билан ўлимга сабаб бўлган бир нечта авариялардан шокка тушган.

Бироқ бундай кескин пасайиш яқин тарихда хавфсизликни кучайтириш бўйича амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг самарали бўлганидан далолат беради. Бунда пиёдалар ўтиш жойларини модернизация қилиш каби маҳаллий чоралар билан бирга автомобилчиларни машина бошқаришда ўз зиммасига кўпроқ юридик масъулият олишга мажбур қиладиган янги миллий қоидаларнинг ҳам ўрни беқиёс.

Ҳукуматнинг ҳаракатлари

Хусусан, хавфсизлик тарафдорлари Полшада 2021 йилда қабул қилинган ва пиёдаларда йўлдаги ўтиш жойларида автоматик устуворлик берувчи қонунни қайд этган. Бу қоидага амал қилмаган ва пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчилар 5000 злотий (1220 доллар)гача жаримага тортилади. Ўртача ойлик иш ҳақи 6500 злотий бўлган Полшада бу жуда катта сумма.

Бироқ омилларнинг бирортаси Варшавада янада самаралироқ яхшиланишларни тушунтириб беролмайди, дейди муниципал йўл бошқармасининг хавфсизлик бўйича директори Миколай Пиенкос. «Бу Варшава позитив жиҳатдан ажралиб туришига ҳал қилувчи таъсир кўрсатадиган бир қатор чоралардир», —деган у.

Энг муҳим восита 2016 йилда Варшавадаги пиёдалар ўтиш жойлари тадқиқ қилингани бўлди. Шаҳарда алоҳида хавф туғдирадиган 400 тача ўтиш жойи ёки умумий ўтиш жойларининг 10 фоизи танлаб олинди. Ўшандан бери шаҳар йилига 40 млн злотий (10 млн доллар) маблағни ҳар йили хавфли жойларни модернизация қилиш, чунончи, кўчаларни ёритиш, кўча сатҳидан кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳаларда транспорт воситаларининг ҳаракатини енгиллаштириш учун ҳалқали йўл тугунлари барпо этиш учун сарфлаб келмоқда. Ҳаракат тезлигини пасайтириш учун шаҳарда кўплаб «ётиқ полициячилар» ўрнатилган, пиёдалар ўтиш жойига яқинлашиш яқиндаги парковкалар олиб ташланиб, тушунарлироқ қилинган. Шаҳар кейинги тўрт йил ичида модернизацияга сарфланаётган пуллар миқдорини икки каррага оширмоқчи.

Варшава йўл хўжалиги департаменти директори ўринбосари Томаш Тоша раҳбарлиги остида кўчаларнинг қайта режалаштирилиши ҳам кейинги яхшиланишларга сабаб бўлиши мумкин. Ўзининг аввалги лавозимида жанубдаги унчалик катта бўлмаган Явожно шаҳарчасида Vision Zero чораларини муваффақиятли қўллаган Тоша ўзининг йўл ҳаракатини тинчлантириш бўйича муваффақиятли чораларининг айримларини Варшавада ҳам қўлламоқчи. Бу чораларга айрим кўчаларни торайтириш ва ҳаракат тезлиги устидан синчков назорат ўрнатиш бўлиши мумкин. Кутилишича, жамоат транспорти ҳаракати частотасининг янада яхшиланиши ва хавфсиз велойўлакларнинг қўшилиши автомобил бошқаришга яхши муқобил яратади.

Варшавалик велосипедчи велойўлакда светофорнинг яшил чироғини кутмоқда. Фото: Сергей Гапон / Getty Images

Тоша асосий муаммони тезликда деб билади. «Мени бу ерга Vision Zeroʼга асос яратиш учун чақиришган», — деган у Bloombergʼга. — Амалиётда ишлайдиган ягона нарса бу — фан. Агар биз ўлим ҳолатлари асосан кинетик энергия туфайли рўй бераётганини билсак, демак кинетик энергияни камайтиришимиз керак».

Унчалик ҳам нол эмас

Бу орада маҳаллий хавфсизликни ҳимоя қилиш бўйича маҳаллий гуруҳларнинг айрим етакчилари кўрилаётган чораларни етарли эмас, деб ҳисобламоқда ва Варшава ҳокимиятини бу масалани устувор деб ҳисобламаётганликда айблаб келмоқда.

«Шаҳар бир тўқнашувдан иккинчисигача яшамоқда», — деган Miasto Jest Nasze («Бизнинг шаҳар») ҳуқуқбонлик ассоциацияси аъзоси Войцех Лучка. Бу ассоциация ҳозир Варшава маҳаллий ҳокимият органларида сайланган вакилларга ҳам эга. У ҳукуматнинг реакциясини ҳам «етарли эмас», деб атаган.

У шу йилнинг ёзида ўлим билан тугаган аварияга ишора қилган. Ўшанда тезликни оширган ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида бир кишини уриб кетиб, сўнгра бекатда автобус кутаётган одамлар гуруҳини уриб юборган. Лучка буни ҳокимиятнинг бепарволиги туфайли юз берган деб ҳисоблайди. Чорраҳа шаҳар харитаси нол баҳо олган, чунки у тўрт тасмали сфетофорсиз йўлни кесиб ўтади ва ҳайдовчиларни пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётгани ва тезликни пасайтиришидан огоҳлантирувчи оддий йўл белгиларига ҳам эга эмас. Ажал келтирган тўқнашувгача бу чорраҳа модернизация қилинмаган.

«Пиёдалар ўтиш жойи, албатта, хавфсизроқ бўлиши мумкин, бироқ кимдир йўлга қарамасдан, соатига 130 км тезликда келаётган бўлса, инфратузилмани айблаш қийин», — дейди яна бир активист Пиенкос. Ўйловсиз ҳайдовчилардан ташқари, у яқинда пиёдалар билан боғлиқ ўлим билан тугаган ҳолатларда одамлар йўлни қизил чироққа кесиб ўтгани ёки пиёдалар ўтиш жойи бўлмаган жойлардан кесганини қайд этган.

Шаҳарда ҳозирча тезликни назорат қилувчи камералар ўрнатилмаган, чунки фақат Полша миллий ҳукумати бунга қўл уриши мумкин. Вазиятни яқинда Варшава мэри Рафал Тшасковский ҳам танқид остига олган.

«Агар биз йўл ҳаракати хавфсизлиги устида самарали ишлашни истасак, бунинг учун қўлимизда махсус воситалар бўлиши керак, — деб ёзган у октябр ойида тезликни оширган ҳайдовчининг айби билан бир инсон ҳалок бўлганидан сўнг Х ижтимоий тармоғида. — Хавфсизлик бош устувор бўлиши керак».

Гарчи бундай қоидабузар ҳайдовчилар сони кам бўлса-да, автомобилни хавфли бошқариш шаҳар маданиятига қарши курашиш бўйича ҳали кўп ишларни амалга ошириш керак. Полшанинг Gazeta Wyborcza газетаси маълумотларига кўра, шу йилнинг март-апрел ойларида Варшава полицияси мингдан ортиқ маст ҳолдаги, 120 нафар наркотик моддалар таъсири остидаги, 800 нафарга яқин ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ва 300 дан ортиқ суд томонидан автомобил ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчиларни тўхтатиб ушлаган.

«Бундай одамлар машина ҳайдар экан, тўқнашувлар муқаррар, — деган Тоша. — Ҳеч бир ўлимни, гарчи у йўл-транспорт ҳодисасида рўй берган бўлса ҳам, аҳлоқий нуқтайи назардан қабул қилиб бўлмайди».

Мавзуга оид