Иқтисодиёт | 11:01 / 08.01.2025
1975
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 6,6 млрд долларга кўпайди

Ўтган йил давомида Ўзбекистон расмий захираларининг умумий қиймати 34,56 млрд доллардан 41,18 млрд долларга ёки 19,1 фоизга ошди. Бунда 2024 йилда жаҳон бозорида олтин нархларининг кескин ошиб кетгани ва ўзининг тарихий максимум нархларини бир неча маротаба янгилагани асосий омил бўлди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 январ ҳолатига 41,18 миллиард долларни ташкил этиб, 1 декабрь ҳолатига нисбатан 290 млн долларга камайди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган ҳисоботда келтириб ўтилган.  

2024 йил давомида расмий захираларнинг умумий миқдори 34,56 млрд доллардан 41,18 млрд долларга ёки 19,1 фоизга ошди. Бунда хорижий валюта захиралари 9,36 млрд доллардан 8,59 млрд долларгача қисқарган бўлса, захиралардаги олтиннинг физик ҳажми 11,9 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга, қиймати эса 24,63 млрд доллардан 32,03 млрд долларгача кўпайган. 

Қайд этиш лозимки, ўтган йилда Ўзбекистон иқтисодиёти учун энг муҳим жиҳатлардан бири жаҳон бозорида олтин нархларининг ошиб кетгани бўлди. Қимматбаҳо металл йил давомида бир неча маротаба ўзининг тарихий максимум нархларини янгилади. Хусусан, 2024 йил бошида олтиннинг бир троя унцияси 2 000 доллардан бироз юқорироқ бўлган бўлса, йил давомида бу кўрсаткич 2790 доллардан ошди.

Бундан ташқари, ўтган йилдан Марказий банк активларни диверсификация қилиш доирасида хорижий қимматли қоғозларни сотиб олишни ҳам бошлади. Йил якунига келиб захирадаги бундай қимматли қоғозлар ҳажми қарийб 102 млн долларга етган.

Аввалроқ, Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига киргани тўғрисида хабар берилганди. Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2023 йил Ўзбекистонда 119,6 тонна олтин ишлаб чиқарилган.

Мавзуга оид