Трамп Россиянинг «Украина НАТОга қўшилиши» борасидаги туйғуларини тушунишини айтди
У Путин билан учрашуви эҳтимоли ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарган.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Конгресс унинг сайловлардаги ғалабасини расман тасдиқлаганидан кейин Мар-а-Лагода (Флорида штати) ўтказилган ва Fox News телеканалида трансляция қилинган матбуот анжуманида иштирок этди.
Ўз нутқида Трамп президент Жо Байден маъмуриятини Украина масаласидаги сиёсати учун танқид қилган. Унинг ҳисоблашича, Оқ уй Киевнинг НАТОга қўшилиши эҳтимоли ҳақидаги музокараларда кўплаб хатоларга йўл қўйган, бу вақтда эса Путин мунтазам равишда Украина алянс билан ҳеч қандай алоқаларга эга бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб келган.
У Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши чиққан Россиянинг «туйғулари»ни тушунишини айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Украина алянс аъзоси бўла олмаслиги ҳақидаги тушунча доимо бўлган. Трампнинг фикрича, Москва ва Киев ўртасида барча томонларни қаноатлантирувчи «келишув бор эди», аммо уни президент Жо Байден бузган.
«Бу — Байденнинг мағлубияти. Агар бизда чинакам президент бўлганида ҳеч қачон бундай бўлмасди. Россия ҳеч қачон [Украинага бостириб кирмасди]. Ҳар қандай ўртамиёна музокарачи битим тузиши мумкин эди. Кўп йиллар олдин Россия, Путиндан анча олдин, НАТО ҳеч қачон Украина ишларига аралашолмайди, деб айтган эди. Улар буни айтишган. Бу моҳиятан тошга ўйиб ёзилганди. Кейин эса Байден Киев блокка қўшилиш имкониятига эга бўлиши кераклигини айтди. [НАТОдан] кимдир Россиянинг остонасида тураркан, мен уларнинг бу бўйича ҳис-туйғуларини тушуна оламан», — дея қайд этади республикачи.
У Байденнинг баёнотлари урушга олиб келганини таъкидлайди. Шу тариқа, у Россиянинг кенг кўламли босқини бошланиши учун жавобгарликни АҚШнинг ҳозирги маъмурияти зиммасига юклаган.
Трамп Байден маъмурияти уқувсизлиги Россияни Украинага ҳужум қилишга ундаганини, энди унинг президентлик муддати можаролар чулғаб олган вақтда бошланаётганини, агар Оқ уйда Байден эмас, ўзи бўлганида Россия ва Украина уруши бошланмаган бўлишини яна бир бор таъкидлаган.
«Америка Қўшма Штатларининг сайланган президенти эканимни биласизми? Мен жуда муваффақиятли собиқ президентман. Мамлакатимиз тарихидаги энг буюк иқтисодиётга эга эдик. Чегараларимиз ёпиқ ва чиройли эди. Бизда ҳаммаси бор эди. Яхши кечди. Уруш бўлмади. ИШИДни енгдик. Бизда уруш бўлмади. Ҳозир эса Россия, Украина ва Исроил билан ёнаётган дунёга қайтяпман…», — деган у.
Трамп Россиянинг Украинага қарши уруши янада кучайиши мумкинлигидан хавотир билдириб, можаро ҳозиргидан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкинлигини айтган.
Журналистлардан бирининг у ва Владимир Путин ўртасидаги учрашув 6 ой ичида бўладими, дея берган саволига жавобан, Трамп «бу қачон бўлишини аниқ айта олмаслиги, аммо Путин учрашишни исташидан хабардор экани»ни айтган.
«Биламанки, Путин учрашишни хоҳлаган бўларди. Биз [инаугурациядан] олдинроқ учрашишимиз тўғри бўлади деб ўйламайман. (...) Ҳар куни жуда кўп ёшлар ҳалок бўлмоқда. Икки томондан ҳам юз минглаб ҳарбийлар ўлиб кетган ва майдон уларнинг жасадлари билан тўлган, уларни йиғиштириб олишмаяпти ҳам. Бу фалокат. У ерда майдон жуда тор ва ўқни тўхтатиши мумкин бўлган ягона нарса — инсон танаси. Ва инсонлар таналари жуда кўп ўқларни тўхтатмоқда.
Умид қиламанки, олти ойда, умид қиламанки, олти ойдан камроқ вақтда. Ахир Россия худди Украина каби жуда кўп ёш йигитларидан айрилмоқда. Бу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги керак эди. Бу уруш бўлмаслиги керак эди», — деган у.
Россия Украина НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқади. Владимир Путин Киев билан музокаралар бошлаш шартларидан бири сифатида айнан мамлакатнинг блокка киришдан воз кечишини талаб қилади.
Трамп сайловолди кампанияси чоғида агар президентликка сайланса, Украинадаги можарони бир кун ичида ҳал қила олишини айтганди. Москвадагилар ҳам, Киевдагилар ҳам бу ваъдага ишончсизлик билан қараган.
The Wall Street Journal газетаси ёзишича, Трампнинг маслаҳатчилари демилитаризация зонаси яратиш ва қурол етказишни давом эттириш эвазига Украинанинг алянсга аъзолигини 20 йилга кечиктиришни таклиф этган. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва Вашингтондан «Украина масаласини ҳал этиш бўйича қандайдир расмий сигнал қабул қилмагани» ва республикачилар номзодининг инаугурациясига қадар бундай ваколатлар фақат АҚШнинг ҳозирги маъмуриятида бўлишини айтган.
Мавзуга оид
10:39
Доналд Трамп: «Уруш бошланиши – Байденнинг айби»
20:33 / 08.01.2025
Трамп Гренландия ва Панама каналини куч билан эгаллаш эҳтимолини истисно этмаяпти
20:29 / 08.01.2025
«Телеграф»: Зеленский иккинчи муддатга номзодини қўйиш бўйича қарор қабул қилган
19:23 / 08.01.2025