Жаҳон | 16:04
2411
3 дақиқада ўқилади

Энгелсда нефт базасидаги ёнғинни беш кундан бери ўчириб бўлмаяпти

Саратов областидаги саноат корхонасида 8 январ куни Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумидан кейин содир бўлган ёнғинни ўчириш давом этмоқда. Маҳаллий губернаторнинг сўзларига кўра, «ёнилғи ёниб бўлиши» жараёни назорат остида давом этмоқда.

Фото: Telegram / busargin_r

Саратов областининг Энгелс шаҳрида бешинчи кундирки, Украина учувчисиз учоқларининг навбатдаги зарбасидан кейин ёнишни бошлаган Росрезерв нефт базасидаги ёнғин ўчира олинмаяпти. «Энгелсдаги саноат корхонасидаги ёнғин майдони 80 фоизга қисқарди. Тутун миқдори ҳам сезиларли даражада камайди», деб ёзди минтақа губернатори Роман Бусаргин 12 январ, якшанба куни Telegramʼда «фавқулодда вазиятлар хизматлари билан» учрашувдан сўнг. «Ёнилғи ёниб бўлиши жараёни давом этмоқда, мутахассислар барча зарур чораларни кўрмоқда», — дейилади хабарда.

Бир неча соат ўтгач, Бусаргин «Роспотребнадзор мутахассисларидан бугун эрталаб ёнғин содир бўлган ҳудуддаги ҳаво намуналари натижаларини» олганини, у ерда «зарарли моддаларнинг ортиқча концентрацияси аниқланмагани» ҳақида ёзди. Ушбу постга қолдирилган шарҳларда маҳаллий аҳоли, губернаторнинг Telegram-каналига обуна бўлганлар бу маълумотнинг тўғрилигига яна бир бор турли йўллар билан шубҳа билдирди.

Энгелсда дронлар ҳужумидан кейин фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Саратов областининг Энгелс шаҳрида 8 январ куни эрталаб Росрезерв нефт базасига Украина учувчисиз учоқлари томонидан берилган зарбадан сўнг ёнғин ҳудуди кечга яқин кучайган, шу муносабат билан расмийлар фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда минтақа губернатори Роман Бусаргин маълум қилди. Унинг Telegramʼдаги хабарида «саноат корхонаси» зарар кўргани ҳақида сўз боради.

Бусаргиннинг сўзларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги хизматининг икки ходими ҳалок бўлган, бир ўт ўчирувчи жароҳатланган. Аввалроқ у қурбонлар йўқлиги ва «ёнғинни ўчириш учун етарли куч ва воситалар мавжудлигини» ёзган эди.

Губернаторнинг таъкидлашича, дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган, бироқ у таъкидлаганидек, «Энгелсдаги саноат объектига дрон парчалари қулаган». Интернетда ёнғин акс этган сурат ва видеолар пайдо бўлди.

Кейинчалик ёрқин чақнаш акс этган видео эълон қилинди, шундан сўнг ёнғин янада кучайган.

Мавзуга оид