Жаҳон | 16:57 / 14.01.2025
1186
2 дақиқада ўқилади

Япония ва Хитой визасини олиш учун мурожаат қилаётган россияликлар сони бир неча бараварга ошди

2024 йилда Японияда россияликларга виза 2,7 баравар кўпроқ расмийлаштирилган. Мамлакат виза учун ариза бериш тартибини ҳам соддалаштирган.

Фото: РИА Новости

2024 йилда россияликларнинг Осиё давлатларига виза олиш борасидаги сўровлари ундан олдинги йилга нисбатан бир неча бараварга ошди. Бу ҳақда бизнес туризм операторларининг ҳисоб-китобларига таяниб, «Коммерсант» хабар берди.

Қайд этилишича, Японияда россияликларга виза 2,7 баравар кўпроқ расмийлаштирилган. Шунингдек, Хитой визасини олиш учун ҳам мурожаатлар сони ортган. Турли маълумотларга кўра, Хитой визасини сўраб мурожаат қилган россияликлар сони 1,4-2 бараварга ошган.

Trivio сайёҳлик хизмати ижрочи директори Татяна Леншина ўтган йили Япония виза учун ариза бериш тартибини соддалаштирганини маълум қилди: энди меҳмонхона банд қилиниб, унга пул тўланган бўлиши мажбурий эмас. Унинг сўзларига кўра, Хитой визасини расмийлаштириш ҳам тез ва қийинчиликларсиз амалга ошмоқда.

MTC Travel’нинг қайд этишича, Ветнам, Маврикий ва Марокашга ҳам виза расмийлаштиришлар сони ошган. «Аэроклуб» оператори эса Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Африка давлатларига сафарлар учун сўров икки баравардан ортиққа кўпайганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, туроператорларнинг таъкидлашича, Шенген ва АҚШ визалари учун талаб камайган. Continent Express оператори маълумотларига кўра, Шенген визаси учун талаб 20 фоизга ошган, «Аэроклуб» оператори эса аксинча 8 фоизга камайганини маълум қилди.

Мавзуга оид