Урушнинг учинчи йили Украинага қандай таъсир қилди ва 2025 йилда мамлакатни нималар кутмоқда?
2024 йилда Украина Донбасс ҳудудининг катта қисмини йўқотди, аммо Курск областига ҳужум қилиб, унинг айрим районларида мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Украина ҳукумати сафарбарлик тўғрисидаги қонунчиликни қатъийлаштириб, ҳарбий ҳолат якунланмагунча президентлик сайловларини бекор қилишга қарор қилди.
«Медуза» нашри ҳарбий эксперт, сиёсатшунос ва социологлардан 2024 йил Украина ва фронтдаги вазиятга қандай таъсир қилгани, мамлакат ички сиёсатини қандай ўзгартиргани ҳамда 2025 йилда нималарни кутиш мумкинлиги ҳақида маълумот олди.
Уилям Кортни, АҚШнинг Гуржистон ва Қозоғистондаги собиқ элчиси ҳамда RAND корпорациясининг етакчи эксперти
Фронтдаги вазият ҳақида
Ўтган йилдан бери фронтдаги вазият сезиларли даражада ўзгармаган. Украина Қора денгиз флоти кемаларининг учдан бир қисмини йўқ қилди, бироқ Курск областига оид ҳудудларда муваффақиятсизликларга дуч келди. Бунда Россия ҳарбийлари айрим ҳудудларни қайтариб олишга эришди. Шу билан бирга, Россия шарқий ҳудудларда бироз илдамлаган бўлса-да, уруш ўта тезкор ғалабани истаганларнинг истагига терс ўлароқ боши берк кўчага кириб қолган.
Иқтисодий жиҳатдан, Россия санкциялар таъсирини сеза бошлади. Бундай таъсир учун вақт керак бўлиши ойдинлашди. Инвестицияларни жалб қилиш учун капитал танқислиги сезиларли даражада ортмоқда. Олдинлари Россия олигархлари ўз капиталини Ғарбга экспорт қилган бўлса, ҳозир бундай амалиёт чекланган.
Келгуси йилга прогноз қилиш қийин. Аммо ўтган тарихдан мисол келтирганда, Афғонистон уруши тугашига Михаил Горбачёв қудратга келиши ва сиёсий либерализация сабаб бўлганди. Бундай мисоллар ўзгариш вектори замонавий Россия учун ҳам имконли эканини кўрсатади.
Россия ва Украинада урушдан чарчоқ аломатлари кўринмоқда. Россия Шимолий Кореядан ҳарбий ёрдам жалб қилмоқда, Украина эса сафарбарлик ёшини 18 га туширишни муҳокама қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилда айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Украина ҳозирда мудофаани кучайтирмоқда, хусусан, АҚШдан пиёдаларга қарши миналар келтириш орқали. Гарчи Россия айрим ҳудудларда муваффақиятларга эришган бўлса-да, улар бирорта катта шаҳарни эгаллай олишмаган.
Курск областига ҳужум ҳақида
Бу ташаббус бир неча омиллар туфайли амалга ошган. Биринчидан, Россия бу ҳудудни етарлича мустаҳкамламаган, бу эса уни ҳужумлар учун заиф қилиб қўйган. Иккинчидан, бу Украина қуролли кучларининг стратегик жасоратли ҳаракатларга қодирлиги, уни хусусан, 2022 йил сентябридаги каби, Ғарб иттифоқчилари ва украин халқига кўрсатиш усули бўлган. Учинчи омил — Россия ичидаги ҳудудларни йўқотиш Кремл учун ҳақорат бўлиб, россияликларнинг ушбу ҳудудларни қайтариб ололмагани сабабли бу ҳануз сақланиб қолмоқда.
Украина Россия ҳудудида уруш олиб боришни режалаштирмаганди. Шу сабабли, агар 2025 йилда Украина қуролли кучлари Курск областида эгалланган барча ҳудудларни қўлдан бой берса ҳам бу сиёсий жиҳатдан салбий эффектга эга бўлмайди. Украинанинг асосий мақсади – ўз ерларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Курск областидан чиқиши мумкин бўлган кучлар, эҳтимол, шарқдаги фронтга қайтиб, уни мустаҳкамлашга йўналтирилади.
Худди шу сабабдан, бу ҳудудлар Россия томонидан қайтариб олиниши унинг армияси учун катта ютуқ ҳисобланмайди.
Ғарблик иттифоқчилар қандай ёрдам бераётгани ҳақида
Украина армиясига ғарбдан келаётган таъминот ҳозирча жуда яхши. Ўтган йили АҚШ Конгрессида Украинага ёрдам бериш тўғрисидаги қонун лойиҳалари бўйича олти ойлик овоз бериш кечиктирилган эди. Аммо овоз бериш ўтказилгач, ушбу ташаббус Қонунчилик палатасида 3:1, Сенатда эса 4:1 ҳисса билан маъқулланган. Бу Конгресснинг Украинага нисбатан кучли қўлловини намоён этади.
Шунга қарамай, Украина маълум даражадаги ноаниқликка дуч келиши мумкин. Айниқса, АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трампнинг ҳаракатлари қандай бўлиши номаълумлигича қолмоқда. Сайловолди кампаниясида у урушни бир кунда тугатишга ваъда берганди. Бироқ, сайлангач, Трамп янада масъулиятли ва эҳтиёткор позицияни эгаллади. У Украина ва Россия масалалари бўйича махсус музокарачи сифатида собиқ миллий хавфсизлик кенгаши котиби, истеъфодаги генерал Кит Келлогни тайинлади. Янгиланган маъмурият қайси қадамларни ташлашини айтиш ҳозирча қийин.
Бу ноаниқлик Европадаги иттифоқчилар ҳаракатларига ҳам таъсир қилади. Аммо Европада Украинага [моддий] ёрдам аста-секин ошиб бораётган кўринади. Ҳозирда Украина учун асосий муаммо — бу ҳарбийлар етишмаслиги. Фронтдаги украин ҳарбийларининг ўртача ёши тахминан 40 ёшни ташкил этади. Бу ҳарбийлар учун жуда катта ёш ҳисобланади. Чунки уруш ёшроқ аскарларни талаб қилади — улар тезроқ ҳаракатланади, оғир юкларни кўтаришга қодир ва осон ўқитилади. Ҳозирда ҳарбий ёш масаласи қурол етказиб бериш муаммоси каби долзарб. Бироқ чақирув ёшини пасайтириш демографик хавфларни юзага келтириши мумкин.
Ядровий уруш бошланиши хавфи ҳақида
Ҳозирда бундай хавф кўзга ташланмайди. Кремл ҳар сафар Россия қўшинлари жанг майдонида қийинчиликларга дуч келганда, ядровий таҳдид ҳақида оғиз очади. Буни биз 2022 йилдаёқ кўргандик. Ўшанда Россия раҳбарияти ҳақиқатан ҳам ядровий қуролдан фойдаланиш ҳақида ўйлаётгани борасида хавотирлар бор эди. Ўшанда Хитой раиси Си Жинпинг ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Путиннинг ядровий қурол қўллашини очиқчасига қоралаб чиққанди. Шундан бери Хитой раҳбарияти бундай огоҳлантиришни бир неча бор такрорлади. Менимча, бу ҳақиқий чекловчи омилдир, чунки ҳозирги Россия маълум даражада Хитойга боғланган.
Россия учун яна бир муаммо шундаки, ядровий қуролдан фойдаланиш ҳарбий вазиятни кескин ўзгартирмайди. Россия қўшинлари бу қурол портлатилгандан кейинги ядровий жанг шароитларида ҳаракат қилишга тайёр эмас. Шунинг учун бу қуролдан фойдаланиш қандай ҳарбий устунлик бериши мумкинлиги ноаниқ. Россия раҳбарияти ядровий таҳдид қўрқув уйғотади, деб ўйлаши мумкин, аммо Ғарб ядровий таҳдидлар қаршисида ҳам Украинани қўллаб-қувватлашдан тўхтамаслигини намойиш этди.
Кремл, эҳтимол, эскалация билан қўрқитиб, Янги Ер оролида ядровий синовларни қайта бошлашга ҳаракат қилмоқчи. Бу тарғиботнинг бир қисми. Бироқ, Россия раҳбарияти ядровий қуролдан фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келишини тушунади, айниқса Хитой бундай қарорга қарши экани ҳисобга олинса.
Музокаралар ҳақида
Украиналиклар орасида урушдан чарчаганлар сони ошиб, музокараларга мойиллик ошмоқда. Бироқ, жамоатчилик фикри сўровларида украиналиклар можарони ҳал қилиш учун ҳудудий имтиёзларга тайёр эканини билдирган ҳолатлар учрамайди. Эҳтимол, жамият вақтинча Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни уларда қолдиришга мойил бўлиши мумкин, лекин ҳозирча бу каби кайфият кузатилмаяпти.
Музокаралар бошланганда, тинчликни тиклашга бўлган муносабат ўзгариши мумкин. Ҳозирги пайтда кўпчилик Россия тинчлик битими шартларини бажаришига ишонмаяпти. Шунингдек, Украина тўлиқ ғалаба қозониши учун мамлакат ўзининг шарқдаги ҳудудларини қайтариб олиши лозим. Лекин буни ҳарбий йўл билан амалга ошириш осон иш эмас. Шунинг учун Украина мустақил қарор қабул қилиши керак. Ғарб эса Украинани Россия агрессиясига қарши қанча вақт курашмоқчи бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёр.
Россия ва Украина музокаралари натижаси тўлиқ сиёсий ечим бўлиши мумкин, лекин катта эҳтимол билан мамлакатлар оташкесим келишувига эришади. Бундай ҳолда сиёсий масалалар очиқ қолади. Бу Корея уруши тугаганидан кейин Корея яриморолида юзага келган вазиятга ўхшаш бўлади: кенг қамровли тинчлик келишуви бўлмаган, аммо икки томон ўзаро ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган.
Владимир Паниотто, украин социологи ва Киев халқаро социология институти (КХСИ) президенти
Украинадаги сафарбарлик ҳақида
Мамлакатда сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонунчиликка жамият муносабатини баҳолаш мен учун қийин. Киев халқаро социология институти ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ мавзулардан, жумладан, сафарбарлик масалаларидан қочишга ҳаракат қилади. Бундай мавзулар давлатнинг умумий ахборот сиёсати доирасида ўрганилиши керак. Бундай тадқиқотларни давлатнинг ўзи буюртма қилиши ёки мувофиқлаштириши лозим.
Шу билан бирга, «Ижтимоий мониторинг» маркази 2024 йил ноябр ойида украиналикларни энг кўп қайси муаммолар ташвишга солаётгани ҳақида тадқиқот ўтказди. Унга кўра, сафарбарлик мавзуси украинлар учун иккинчи даражали аҳамиятга эга. Ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ муаммолар респондентларни коррупция, озиқ-овқат нархлари, коммунал тарифлар, пенсия ва иш ҳақининг паст даражасидан кўра камроқ ташвишга солган. Сафарбарлик масаласи респондентларнинг 27 фоизидан ҳам камроғини қизиқтирган.
Демографик инқироз ҳақида
Украинада демографик вазиятга туғилиш ва ўлим кўрсаткичларидан кўра миграция, яъни аҳолининг мамлакатдан чиқиб кетиши катта таъсир кўрсатмоқда. Ажабланарлиси, урушга қарамай, мамлакатда ўлим ҳолатлари сони камайди. Масалан, урушдан олдин, 2021 йилда, Украинада 714 минг ўлим ҳолати қайд этилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 542 мингни ташкил қилди — яъни, тахминан 200 мингга кам. 2023 йилда эса бу рақам 496 мингга етди. Жорий йилда ҳам ўхшаш кўрсаткичлар кутилади.
Бу ҳолат бир нечта сабаб билан изоҳланади. Биринчидан, 2021 йилда ковид пандемияси статистикага катта таъсир кўрсатган. Иккинчидан, уруш бошланганидан кейин кўплаб одамлар Украинадан кетгани туфайли ҳукумат назоратидаги ҳудудларда аҳоли сони сезиларли даражада камайди. Шунга қарамай, миграция даражаси юқори бўлиб қолаётгани ва статистик хизматлар фаолиятининг камчиликлари сабабли мавжуд маълумотларга тўлиқ ишониш қийин.
Шу билан бирга, туғилиш даражаси ҳам пасаяётгани қайд этилмоқда. Илгари йилига тахминан 273 минг чақалоқ туғилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 200 минг атрофида. Бундай ўзгаришлар уруш даври учун одатий бўлиб, унинг оқибатлари яна йигирма йилча сезилиши мумкин.
Украин қочқинларининг қайтиш-қайтмаслиги ҳақида
Урушнинг биринчи йилида миграциянинг энг жиддий тўлқини кузатилди. 2022 йилда фақатгина Европада 8 миллионга яқин украинлик қочқинлар бўлган. Ҳозирда, БМТ маълумотларига кўра, уларнинг сони 6 миллиондан бироз кўпроқни ташкил қилади, яъни уч йил ичида 2 миллион украиналик уйларига қайтган.
Бу ўзгаришнинг турли сабаблари бор. Айримлар учун мамлакатдаги вазият улар кутганидан барқарорроқ бўлиб чиқди. Бошқалар чет элда ўз ўрнини тополмади. Кўплаб украинлар ўз уйлари ва мол-мулкини ташлаб кетганди, шунинг учун қайтиш улар учун ягона чиқиш йўли бўлган.
2023 йилдан Европадаги украинликлар сони 5 фоизга кўпайгани қайд этилмоқда, яъни Украинадан чиқиб кетувчилар сони кўп эмас. Баъзилар доимий равишда Украина ва бошқа давлатлар ўртасида қатнаб яшашади, бу ҳисоб-китобларни қийинлаштиради.
Асосий демографик муаммо — ташқи миграция. Яқинда Европанинг бир неча давлатларида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, чет элда яшаб турган украинларнинг учдан икки қисми ўзи яшаб турган давлат фуқаролигини олишни режалаштирмоқда. Айримлар буни аллақачон амалга оширган.
Эҳтимол, уларнинг учдан икки қисми Украинага энди қайтмайди. Яъни 6 миллиондан тахминан 4 миллиони хорижда қолиши мумкин. Шу билан бирга, уларнинг ҳаммаси ҳам Украина паспортидан воз кечиш ниятида эмас. Масалан, Германия фуқаролиги каби имтиёзлардан фойдаланишни истовчилар бор.
Бундан ташқари, янгидан миграция тўлқини пайдо бўлиши мумкин, бу ўз оиласини топиб, чет элга кетган эркаклар ҳиссасига тўғри келади.
Сўровлар шуни кўрсатадики, инсонлар Украинада яшаш ва ишлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилганида қайтишга тайёр. Аммо қабул қилувчи мамлакатлардаги яшаш шароитлари ва қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳам қайтишга таъсир кўрсатади.
Украинадаги турмуш даражаси ҳақида
Уруш бошланганидан кейинги иқтисодий вазият мураккаб ва зиддиятли тус олди. Бир томондан, аҳолининг реал иқтисодий аҳволи жиддий ёмонлашди: ишсизлар сони кўпайди, кўпчилик тураржой ва барқарор даромадни йўқотди. Бошқа томондан, одамлар ўз ҳолатини урушдан олдингига нисбатан анча ижобий баҳолай бошлади.
Мисол учун, урушдан кейин овқатланишга маблағ етмайди, деб айтганлар сони камайди. Иқтисодчилар баҳолашича, Украинада қашшоқлик даражаси тахминан 9 фоизни ташкил этса, аҳолининг субъектив баҳоларига кўра, бу кўрсаткич атиги 4 фоизга тенг. Бу мамлакат тарихидаги энг паст кўрсаткичлардан бири.
Бундай ҳолатни шунчаки тушунтириш мумкин: инсонлар вазиятни қандай қабул қилишлари (ижтимоий фаровонлик, турмуш шароитидан қониқиш, бахтлилик даражаси) фақат вазиятнинг ўзига эмас, балки уларнинг истак ва талабларига ҳам боғлиқ. Уруш бошлангандан сўнг, умумий талаблар даражаси сезиларли даражада пасайди. Кўпчилик сўров қатнашчилари таъкидлашича, яқинлари соғ-омон ва яқинида бўлса, улар ўзларини бахтли ва ҳаётдан мамнун деб ҳис қилишади.
Украинлар ўртасидаги зиддиятлар ҳақида
Урушнинг ягона ижобий натижаси шундаки, Украинада минтақавий тафовутлар деярли йўқолди. 2021 йилда аксарият масалалар бўйича минтақалар ўртасида жиддий фарқлар мавжуд бўлган. Масалан, НАТОга бўлган муносабат турли ҳудудларда ҳар хил эди, ҳатто 2014 йилдан кейин ҳам. Бугунги кунда эса бундай фарқлар амалда йўқ.
Бироқ сўнгги йилларда янги ижтимоий қатламланиш пайдо бўлди. Энди инсон уруш даврида нима билан шуғуллангани ва қаерда бўлгани асосий бўлинувчи омил бўлиб қолмоқда. Масалан, турли гуруҳлар шаклланган: Европадаги қочқинлар, яшаш жойини ўзгартирмаганлар, мамлакат ичида кўчирилган шахслар ва босиб олинган ҳудудларда яшаганлар. Энг катта ижтимоий босим охирги тоифадаги инсонларга тушмоқда. Мамлакат ичида кўчирилган шахсларларга умумий муносабат ижобий бўлса-да, босиб олинган ҳудудлардаги одамларга нисбатан ижтимоий тартибсизлик ва ишончсизлик кучлироқ.
Шунингдек, ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасида ҳам фарқли муносабат кузатилмоқда.
Украинларнинг рус тилига муносабати ҳақида
Украинада одамлар рус тилидан фойдаланишни секинлик билан тўхтатмоқда, аммо унга нисбатан муносабатлар жадал ўзгармоқда. Масалан, 2019 йилда фақат 8 фоиз украинлар рус тилини мактабларда ўқитиш ярамайди, деб ҳисоблаган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 52 фоизга етди. Шунингдек, расмий мулоқотда рус тилини бутун мамлакат бўйлаб тақиқлашни маъқуллаганлар сони ҳам кескин ошди.
Минтақавий фарқлар сезиларли даражада камайган бўлса-да, ҳали ҳам сақланиб қолган. 2013 йилда Украина ғарбидаги респондентларнинг 45 фоизи рус тилини ҳеч қайси минтақада расмий мулоқотда ишлатмасликни қўллаб-қувватлаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 80 фоизга етган. Украина шарқида эса бу фикрни маъқулловчилар 40 фоизни ташкил этади, гарчи урушгача бундай фикрни фақат 2 фоиз одам билдирган эди.
Бугунги кунга келиб, кундалик ҳаётда украин тилига ўтиш тамойили кучаймоқда. Сўровларга кўра, ҳозир 60 фоиз украиналиклар кундалик мулоқотда украин тилидан фойдаланади, 9 фоизи эса рус тилидан фойдаланишда давом этмоқда. Қолганлари икки тилдан бирдек фойдаланишини айтган.
Украинларнинг Зеленский ва Залужнийга ишончи ҳақида
Украинада маъмуриятга нисбатан муносабат анча турлича, аммо Володимир Зеленский шахси жамоатчилик ишончини сақлаб қолмоқда. Зеленский ҳали ҳам ишонч бўйича етакчи ҳисобланади. Ундан кўпроқ ишонч, эҳтимол, фақат [Украина қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони] Валерий Залужнийга билдирилмоқда.
2019 йилда Зеленский президентликка келганида унга бўлган ишонч 80 фоизни ташкил этган эди. Бу кўрсаткич вақт ўтиши билан пасайиб, уруш бошланишидан олдин 37 фоизгача тушган. Бироқ, 2022 йил май ойига келиб, Зеленскийга бўлган ишонч яна 90 фоизга кўтарилди. Кейинги икки йилда бу кўрсаткич аста-секин пасайиб, 2023 йил декабрига келиб 77 фоизни ташкил этди — бу ҳам Украина президентлари учун мисли кўрилмаган даража.
2024 йилда ишонч тезроқ пасая бошлади. Бунинг сабаблари орасида Украина қуролли кучларининг муваффақиятсиз қарши ҳужуми, уруш чўзилиши, шунингдек, омма орасида жуда машҳур бўлган Залужнийнинг истеъфоси бор. Шунингдек, сўнгги сўровлар кўрсатганидек, Зеленскийга бўлган ишонч 53 фоизга тушган, ишончсизлик эса 41 фоизни ташкил қилмоқда. Бошқа сиёсатчилар ва жамоат арбоблари ичида Зеленский ва [Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл] Будановдан бошқаларнинг ишонч баланси салбийроқ.
Зеленскийга бўлган ишонч келажакда яна пасайиши мумкин. Бу асосан фронтдаги вазият ривожига боғлиқ бўлади.
Залужнийга бўлган ишонч эса Зеленскийникидан юқори. Унинг кўрсаткичлари ҳануз деярли 80 фоиз даражасида (2024 йил ноябрида 77 фоиз эди). Залужний жамоатчиликка камдан кам кўринади, аммо у президентлик сайловлари ўтказиладиган бўлса, Зеленскийни мағлуб этиш имкониятига эга бўлган ягона шахс ҳисобланади.
Урушни якунлаш ҳақида
Украинада урушни якунлаш бўйича муносабат жуда ўзгарувчан. Бу асосан саволларни қандай шаклда қўйилишига боғлиқ. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, украинлар музокараларга тайёр. Масалан, 2022 йил май ойида АҚШнинг Миллий демократик институти топшириғига биноан ўтказилган сўровда 60 фоиз украиналиклар Россия билан тинчлик музокараларини бошлаш зарурлигини айтган. Бу кўрсаткич армиянинг фронтдаги муваффақиятлари давомида 44 фоизга, кейин 29 фоизга тушганди, бироқ кейин яна ўсиб, 2024 йил сентябрига келиб 57 фоизга етган.
Ҳудудий ён беришга келганда, аввалги икки йил давомида бунга розилик жуда паст бўлган. Масалан, 2022 йил май ойида 10 фоиз атрофида эди. Аммо украин армияси қийинчиликларга дуч келганидан сўнг, бу кўрсаткич 2024 йил сентябрида 33 фоизга етган. Бу рақамлар украинларнинг айрим ҳудудларни озод қилишни кейинга қолдириб, уларни дипломатик йўллар билан ҳал қилишга розилигини англатади. Бу – ҳудудларни Россияники сифатида тан олишни билдирмайди, шунчаки балки муаммоларни дипломатия орқали келгусида ҳал этишни назарда тутади.
Владимир Фесенко, украина сиёсатшуноси, «Пента» амалий сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари
Урушнинг учинчи йилида украинлар кайфияти ҳақида
Уруш давом этаётганига минг кундан ошиб кетган — яна бир неча ҳафтадан сўнг ҳарбий ҳаракатлар бошланганига уч йил тўлади. Албатта, бу украинларнинг кайфиятига анча зиддиятли таъсир кўрсатган. Украин жамиятининг узоқ давом этган уруш фонидаги кайфиятини амбивалентлик деб таърифласа бўлади.
Украинларнинг аксарияти Россияга бирор бир устуворлик беришга қарши, улар тинчликни исташади, аммо бунинг баҳоси жуда юқори бўлмаслигини ҳам талаб қилишади. Шу билан бирга, жамиятда урушдан чарчаш кучайган. Ўтган йили президент ва ҳарбийларга нисбатан танқид деярли тақиқланган бўлса, бугунги кунга келиб танқидлар ҳукумат, ҳарбий қўмондонлик ва ҳатто Володимир Зеленскийга қаратилган.
2024 йил ҳарбий жиҳатдан Украина учун энг қийин йиллардан бири бўлди. Сафарбарлик, фронтда, айниқса Донецк областида самарали тактикаларни излаб топиш билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсатди. Йилнинг катта қисмида Россия армияси инсон ресурсларида ҳам, артиллерия ва ҳаво ҳужумларида сезиларли ташаббусга эришди. Бу вазият украинларнинг кайфиятига таъсир ўтказади.
Зеленскийга муносабат ҳақида
Президент Володимир Зеленскийга муносабат 2019 йилдаги президентликнинг илк йилларига ўхшаш, қутблашган кўриниш олди. У ўшанда сайловнинг иккинчи турида катта ғалабага эришганига қарамай, сайловда қатнашганларнинг чорак қисми уни шахсан ёқтирмаган ва собиқ шоуменга президентлик ярашмаслигини таъкидлаган.
Урушнинг илк кунларида Зеленский мамлакатда қолиб, мамлакат билан бирга курашгани учун уни ҳатто танқидчилари ҳам қадрлади. Бироқ, фронтдаги ва фронт ортидаги вазият оғирлашиши билан танқидлар яна авж олди. Аввалдан уни танқид қилиб келганлар энди буни очиқроқ ифода эта бошлади. Бу ижтимоий тармоқларда икки томонга ажралиб қолиш ҳолатини келтириб чиқарди: бир томонда Зеленскийнинг мухлислари, иккинчи томонда унга қаршилар.
Бу ҳолатда социологик тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, украинларнинг кўпчилиги президентга ишонч билдиришда давом этмоқда. Аммо бу ишонч даражаси бироз пасайган. Бу пасайиш қийинчилик туғдирса-да, давлат бошқаруви жараёнлари ёки урушдаги умумий ҳолатга жиддий таъсир кўрсатмаяпти.
Курск областидаги операция ҳақида
Август ойи бошида Курск областидаги операция кутилмаган воқеа сифатида янгради. Украин кучларининг муваффақиятли ҳужуми катта ижобий эмоционал таъсир кўрсатди. Бу миллий руҳиятни кўтариш учун муҳим қадам бўлди.
Ҳозир ҳарбий ва сиёсий экспертлар Курск операциясини турлича баҳоламоқда. Баъзилар бу операция муҳим тактик ва сиёсий вазифаларни амалга оширганини таъкидлашади. Жумладан, Россия ҳудудида ҳарбий операциялар олиб боришга бўлган норасмий чекловлар олиб ташланди.
Шу билан бирга, айрим ҳарбий экспертлар операция стратегик жиҳатдан кутилган натижани бермаган, деб ҳисоблашади. Украин қўмондонлигининг мақсади эҳтимол Россия қўшинларини Донбассдан Курск областига кўчиришга мажбурлаш бўлган. Бу Донбассдаги ҳужумларни тўхтатишга ёрдам бериши мумкин эди. Лекин, бундай бўлиб чиқмади.
Валерий Залужнийнинг истеъфоси ҳақида
Залужний — рамзий шахс бўлиб, унинг истеъфоси жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Зеленский бу қарорни қабул қилиш учун узоқ вақт кераклигини ҳис қилди. Бунда психологик омил катта рол ўйнади, чунки Зеленский ва Залужний ўртасидаги кескинлик уларнинг биргаликда ишлашини қийинлаштирганди. Шу боис истеъфо муқаррар эди.
Шу билан бирга, Залужний лавозимда қолганида ҳам уруш ҳолатида жиддий ўзгариш бўлмасди, чунки [2024 йилдаги] асосий муаммолар қўмондоннинг шахсига эмас, балки ресурс етишмовчилигига боғлиқ эди. Дастлабки ойларда Америка ҳарбий ёрдами кечикди, артиллерия снарядлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмасди. Бу Россияга баҳорда Украина энергетикасини нишонга олиш имконини берди.
Залужнийнинг истеъфоси Зеленский танқид қилинишига сабаб бўлиб, унинг рейтингини пасайтирди. Бу ҳолат Зеленскийнинг жамоатчилик олқишларига эмас, балки зарур қарорларни қабул қилишга тайёр эканини кўрсатади.
Залужний ҳам истеъфо пайтида тортишувларга сабаб бўлмай, ўзини муносиб тутди. Зеленский эса уни «Украина Қаҳрамони» унвони билан тақдирлади. Тақдирлаш маросимида улар бир-бирини самимий қучоқлаб, жамоатчиликда ижобий таассурот қолдирди.
Ҳозирда Залужний Буюк Британияда элчи сифатида фаолият юритмоқда. Бу, албатта, лавозим жиҳатидан пасайиш ҳисобланса-да, Лондон — глобал сиёсатнинг муҳим марказларидан бири. Агар келажакда Залужний сиёсий фаолиятини бошласа, у бу лавозимда хорижий сиёсатчилар ва экспертлар билан ишлаш тажрибасини орттиради.
Залужнийнинг рейтинги жуда юқори бўлиб, уни армиядаги муаммолар билан боғлашмайди. У ҳозирча сиёсатдан четда, аммо келгусида унинг улкан сиёсий салоҳияти борлигини унутмаслик керак.
Олександр Сирскийнинг тайинланиши ҳақида
Олександр Сирскийни Украина қуролли кучлари қўмондони лавозимига тайинлаш аввалига жамоатчиликда турли муносабатларга сабаб бўлди. Бир томондан, Зеленскийнинг мухолифлари ва Залужнийнинг мухлислари янги қўмондонни танқид қилиб, «қонли қассоб» деган ном беришди ҳамда уни аскарлар ҳақида қайғурмасликда айблашди. Шу билан бирга, маҳаллий ва хорижлик ҳарбий экспертлар Сирский 2022 йилда Киев мудофааси ва Харкив операцияси каби муваффақиятли ҳарбий стратегияларни ишлаб чиққани ва амалга оширганини эслатиб, у истеъдодли қўмондон эканини таъкидлашди.
Залужнийнинг сиймоси халққа яқинлиги билан ажралиб туради. Унинг образи ҳақиқий қаҳрамон даражасига кўтарилган, чунки у армия ва халқ ўртасидаги бирдамликни намоён этди. У жуда кучли ва ижобий таъсирга эга бўлган лидер бўлган. Сирский эса классик ҳарбий шахс: қатъий, буйруқларни сўзсиз бажаришни талаб қилувчи ва камгап. Унинг стили айримлар учун қийин қабул қилинади.
Сирскийнинг асосий муаммолари шахсий хусусиятларида эмас, балки қуролли кучлардаги умумий муаммолардадир. Айрим муаммолар совет меросидан келиб чиққан бўлса, бошқалари армияга фуқаролик ҳаётидан кириб келганлар билан боғлиқ. Улар кўпинча ҳарбий интизомга мослашишда қийинчиликларга дуч келади.
Сирскийнинг келажаги фронтдаги вазиятга боғлиқ. Агар Россия ҳужумлари тўхтатилса ва вазият барқарорлашса, у лавозимда қолиши мумкин. Акс ҳолда, унинг ўрнига янги қўмондон тайинлаш эҳтимоли юзага чиқади. Бироқ, ҳозирча унинг ўрнини эгаллай оладиган номзодлар мавжуд эмас.
Сафарбарлик ҳақида
2023 йил охиридаёқ оммавий сафарбарликни амалга ошириш зарурати аён бўлганди. Бироқ, буни тегишли қонунсиз амалга ошириш мумкин эмас эди (қизиғи, Украинада бундай қонун мавжуд эмас эди). Шу сабабли, уни ишлаб чиқишга киришилди.
Қонуннинг биринчи версияси жуда қатъий бўлиб, жиддий танқидларга сабаб бўлди. Натижада, 2024 йил апрелида мувозанатлироқ вариант қабул қилинди, лекин у кўп жиҳатдан самарасиз бўлиб чиқди. Қонунга кўплаб бўшлиқлар ва аниқ белгиланмаган қоидалар киритилган бўлиб, улар турлича талқин қилиниши мумкин эди. Аслида, сафарбарлик жараёни ҳануз қонунда кўрсатилганидек эмас, балки ноформал қоидаларга кўра амалга оширилмоқда.
Сафарбарликнинг асосий муаммоси шундаки, одамларнинг катта қисми фронтга боришдан қўрқишади. Урушда ҳалок бўлиш қўрқуви одамларга кучли таъсир қилади. Кўпинча шундай ҳолат кузатилади: одамлар Украина ғалабаси ва оккупация қилинган ҳудудларни озод қилиш ғоясини қўллаб-қувватлайди, аммо ўз яқинларининг армияда хизмат қилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилади.
[Сафарбарлик ёши 18 ёшга туширилиши] ҳақидаги муҳокамалар асосан Ғарб ОАВ томонидан кўтарилди. Уруш бошида сафарбарлик ёши 27 ёшни ташкил қилган. Армиянинг асосий қўшинлари 40 ёшдан катта ва 50 ёшгача бўлган авлод. Бу авлод ўз ватани билан бирга вояга етган ва кучлироқ ватанпарварлик қарашларига эга. Аммо ўтган йил охирига келиб, оммавий сафарбарлик зарурлиги ва ёш чегарасини камайтириш лозимлиги аён бўлди.
Президент Зеленский ва бошқа кўплаб сиёсатчилар бунга қарши. Баъзилар учун бу сиёсий масала: 18 ёшли ёшлар ва уларнинг оилалари бугунги сиёсатчиларнинг бўлажак сайловчилари. Шу билан бирга, бу қарор жиддий ижтимоий хавфларга эга. Демографлар фикрига кўра, агар сафарбарлик ёши 18 ёшгача туширилса, Украина демографик тангликка дуч келиши мумкин. Бундан ташқари, кўплаб ҳарбийлар бу қарор армия муаммоларини ҳал қилмаслигини таъкидлашмоқда. Шунинг учун ёшни тушириш керак бўлса ҳам, бу босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.
Украинадаги сайловлар ҳақида
Бу йил Украинада сайловлар бекор қилинди, деб айтиш нотўғри бўлади. Улар шунчаки белгиланмади. Уруш ҳолати ҳуқуқий тартиби демократик нормаларнинг айрим жиҳатларини чеклайди, жумладан, сайловларни ўтказиш имкониятини.
Бу чекловнинг сабаблари тушунарли. Сайловлар ўтказиш — уруш пайтида мамлакат ичида уни заифлаштирувчи сиёсий курашни англатади. Айниқса, уруш ҳудуднинг ўзида давом этаётган бўлса. Ҳар куни ҳаво ҳужуми хавфидан огоҳлантириш овозлари эшитиладиган, фронтга яқин шаҳарлар доимий ҳужумлар остида бўлган шароитда сайловларни қандай ташкил қилиш мумкин? Жанглар кескин авж олган шароитда сайловчилар хавфсизлиги ва нормал шароитларни таъминлаш амри маҳолдир.
Ўтган йили президентлик сайловлари яқинлашаётгани сайловларни ўтказиш зарурати ҳақидаги кенг муҳокамаларга сабаб бўлди (қизиғи, парламент сайловларини кўчириш бундай муҳокамаларни келтириб чиқармади). Социологлар маълумотларига кўра, украиналикларнинг тахминан 70 фоизи сайловларни ўтказишга қарши чиқди. Шу сабабли, Зеленский бу қарорни қабул қилаётганда жамоатчилик фикрига асосланди.
Украинадаги мухолифат ҳақида
Украинада сезиларли сиёсий кураш мавжуд. Бу, масалан, Олий Радада кўзга ташланади.
Европа интеграцияси ва армияни қўллаб-қувватловчи қонун лойиҳалари каби мавзуларда деярли тўлиқ келишувга эришилган. Аммо иқтисодий ва солиқ сиёсати ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бизнес ўртасидаги муносабатлар масалаларида бундай бирдамлик кузатилмайди.
Энг кўзга кўринган мухолифатчилар – собиқ президент Петро Порошенко ва собиқ бош вазир Юлия Тимошенко. Шунингдек, Олий Раданинг собиқ спикери Дмитро Разумковнинг гуруҳи ҳам мухолифатда. Илгари у «Халқ хизматкори» партияси сафида бўлган, ҳозир эса мустақил депутат. Умуман олганда, 2020 йилдан бошлаб «Халқ хизматкори» партиясидан айрим депутатлар мухолифат сафига ўтган.
Мухолифат Украинада етарлича эркин фаолият юритмоқда. Чекловлар асосан оммавий тадбирларга – митинглар, иш ташлашлар ва намойишларга тегишли бўлиб, уруш ҳолати туфайли бундай ҳаракатлар тақиқланган. Шу билан бирга, Украинада уруш ҳолати қонунчилиги нисбатан енгил шаклда амал қилмоқда. Шунинг учун айрим ҳолларда норозилик акциялари ўтказилади ва бу вақтда ҳукумат куч ишлатиш ваколатини суиистеъмол қилмасликка ҳаракат қилади.
Тинчлик музокаралари ҳақида
Ҳозирги вазиятда бир парадокс мавжуд: ҳамма тинчлик музокаралари ҳақида гапирмоқда, лекин музокаралар ўтказилмаяпти ва улар қачон бошланиши ҳам номаълум. Албатта, Трамп урушни тўхтатишни истайди, бу аён.
Россия ва Украинада урушни музлатиш сценарийси танқид қилинмоқда. Бу сценарийни Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ҳамда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров танқид қилган. Бироқ, айнан музлатиш урушни тугатишнинг ягона реал компромисс варианти бўлиб кўринмоқда. Бошқа сценарийлар — ё Россиянинг ғалабаси, ё Украина томонидан (эҳтимол, қисман) ғалаба. Лекин бундай сценарийларни Трамп олға суриши эҳтимол кам.
Украинада кўпчилик уруш якунланишини кутаяпти. Олий Радада ҳатто сайловларга бўлган тайёргарлик кайфияти пайдо бўлди. Сиёсатчилар келаси баҳорда парламент сайловлари бўлиб ўтади, деб ишонаётгандай. Лекин бу реал эмас, деб ҳисоблайман.
Келаси йил музокаралар бошланиши мумкин, аммо уруш давом этиши эҳтимоли катта. Путин, эҳтимол, ҳарбий ҳаракатлардан музокара жараёнига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишда давом этади.
Мавзуга оид
20:39 / 15.01.2025
Трампнинг маслаҳатчилари урушни тугатишга ойлар кетишини тан олмоқда
16:53 / 15.01.2025
«Урушгамас, машғулотга». Асир тушган шимолий кореяликлар ҳақида нималар маълум?
10:00 / 15.01.2025
Писториус: Ҳамкорлар билан Киевга ёрдамни оширишни муҳокама қилмоқдамиз
11:20 / 14.01.2025