Жаҳон | 20:51 / 04.05.2016
7602
2 дақиқада ўқилади

Камерунлик ёйандоз нигериялик худкушни заҳарли ўқ билан ўлдирди

Камерун шимолида ўз-ўзини мудофа қилиш отряди жангчиси камондан ўқ узиб ҳудудга кириб келган нигериялик худкуш жангарини бартараф қилган. Бу ҳақда 4 май куни мамлакатнинг Шимолий ўлка вилояти губернатори Миджиява Бакарига асосланиб, Associated Press хабар тарқатган.

Амалдорнинг маълумотига кўра, 40 ёшли террорчи аёл 14 ёшли қиз ҳамроҳлигида мамлакат чегарасини кесиб ўтган. У ва ҳамроҳининг баданида портловчи қурилмалар ўрнатилган бўлган. Огоҳлантиришларга қарамасдан улар Камерун ичкарисига юришда давом этишган ва жангчилардан бири унга камонидан ўқ узган ва заҳарли ўқ уни ҳалок қилган. Террорчи аёлнинг ёнидаги қиз эса ўзини портлатиб юборган.

Апрель ойида ЮНИСЕФ Африкадаги жангарилар терактлар содир этишда болалардан фаоллик билан фойдаланишга ўтгани ҳақида хабар қилганди. Маълум қилинишича, "ИШИДнинг Ғарбий Африкадаги бўлими" мақомини олган "Боко Ҳарам" ташкилоти ҳар 5та терактдан бирида ёш қизлардан фойдаланади. 2015 йил давомида болалар орқали Камерунда 21та, Нигерияда 17та, Чадда 2та теракт содир этилган.

Мавзуга оид