Жамият | 11:17 / 30.06.2016
19109
2 дақиқада ўқилади

Кун ҳикмати: Билим кўзи

Дунё «икки эшикли сарой»га қиёс қилинади. Биридан кириб, иккинчисидан чиқиб кетиш масофаси бу умрдир. Кимдир ўша умр манзилида эзгу ва хайрлик ишларни қилишга улгурса, кимдир номақбул юмушлар билан шуғулланиб умргузаронлик этади. Икки дунё сир-асрори ва моҳиятини англаш ишқи бу илмдир. Шунинг учун ҳам «Билим билан маърифатнинг тутқичи, Илм ила икки дунё очқичи» дейилади. Комил инсон уч мезонга таянади.  Булар таълим, тарбия, эзгу амалдир. Инсон камолотини бусиз тасаввур қилиш мушкул. Шу борада бир ривоят ҳам бор.

Аҳли донишлардан бири маслаҳат сўраб келган муридлардан бирига дейди: 

-Бу дунёда яхши яшашни истайсанми?
-Ҳа.
-Унда кайфу сафо билан шуғулланавер. Мабодо, у дунёда яхши яшашни истамайсанми?
-Хоҳлайман.
-Унда тоат-ибодат билан машғул бўл. Балки, икки дунё саодатига ҳам мушарраф бўлишни истарсан?
-Албатта, истайман.
-Ундай ҳолда илм изла, илмдонларнинг суҳбатида бўл,-деб жавоб берибди.

Бундан кўриниб турибдики, икки қирғоқли дунёда илм ва эзгу амаллар қилиб ўтиш шарафдир деган мазмун мавжуд. Бу соҳилдан у соҳилга хайрлик илму амаллар кемасини ясаб ўтишни Рудакий комилликка интилган инсоннинг фаолияти мезони дея таърифлайди.  

Муаллиф: Раҳимбой Жуманиёзов

Мавзуга оид