Жаҳон | 19:25 / 21.07.2016
6447
2 дақиқада ўқилади

Туриннинг янги мэри бутун бир шаҳарни вегетариан қилишга қарор қилди

Туриннинг янги мэри Кьяра Аппендино вегетариан парҳезни йўлга қўйишни шаҳар маъмуриятининг "устувор вазифаларидан бири" деб атади. Бу ҳақида The Guardian маълум қилди. 

"Беш юлдуз ҳаракати" партияси илғор етакчиси 62 саҳифали манифест чиқарди. Унда гўшт ва ҳаттоки сут маҳсулотларидан тийилиш соғлиқ, атроф-муҳит ва жониворлар учун фойдали эканлиги ҳақида сўз юритилади. 

Вегетариан парҳезнинг шаҳар миқёсида йўлга қўйилишига доир тафсилотлар ошкор этилмади. Бироқ маълумки, Аппендино мактаб дастурига махсус фанларни киритиб, уларда болаларга тўғри овқатланиш ҳамда жониворларга ғамхўрлик қилиш ҳақида сабоқ беришни режалаштирган.

Шаҳар аҳолиси манифестнинг чоп этилишига нисбатан Twitter'да "илмоқли" изоҳлар билан муносабат билдиришди. Улардан бири Аппендино ўзини мэр каби эмас, энага каби тутаётганини ёзиб қолдирган.

Италиянинг Пьемонт маъмурий вилояти (пойтахти Турин) ўзининг қизил виноси ва гўштли таомлари билан ном қозонган. Фаолияти гўшт билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқарувчилар сиёсатчининг ваъдасига ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиришмади. 

Аппендино 30 июндан Турин мэри лавозимини эгаллади. Сайловларнинг иккинчи босқичида у кутилмаганда Демократик партия вакили Пьеро Фассинодан ўзиб кетди.


 

Мавзуга оид