Жаҳон | 15:26 / 11.09.2016
11487
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея Пхеньянни култепага айлантириш режасига эгалигини маълум қилди

Жанубий Корея ҳукумати Шимолий Корея пойтахти Пхеньянни бир зарба билан йўқ қилиш режасига эга. Бу режа шимолликлар ядровий ҳужумга тайёргарлик кўришни бошлагани ҳақида сигнал келиши биланоқ ишга тушади. Бу ҳақда Ёнҳап агентлиги хабар тарқатган.

Сеул ҳукуматидаги ҳарбий манбаларга асосланиб хабар қилинишича, парламент аъзолари журналистларга "Кореянинг жавоб чоралари ва бир муштга тугилган жазоси" номли режа тафсилотлари маълум қилинган.

"Пхеньяннинг ҳар бир нуқтаси, жумладан Шимолий Корея ҳукуматидагилар яшириниши мумкин бўлган нуқталар, баллистик ракеталар ва кенг кўламли вайронагарчиликлар келтириш қудратига эга бўлган фугас снарядлари портлатилиши эвазига вайрон қилинади. Агар, шимол ядро қуролидан фойдаланишнинг энг кичик белгиларини бўлсада намойиш этса, бу мамлакат пойтахти култепага айланиб, харитадан йўқ бўлиб кетади", дея манба сўзларини келтирган агентлик.

Ўтган ҳафтанинг жума куни Шимолий Корея ҳукумати ўз тарихидаги энг кучли, ер ости ядро синовини ўтказгани ҳақида маълум қилганди.

Би-би-си хабарига кўра, Шимолий Кореяда бўлгани каби, Жанубий Кореяда ҳам улкан артиллерия дивизионлари мавжуд. Бу орқали жанубликлар қуруқликдаги ҳаракатлар орқали ҳам шимолликларнинг шаҳарларини муваффақиятли равишда ўққа тутиши мумкин.

Хабарда жанубликлар ҳам эндиликда шимолликлардан кам бўлмаган даражада таҳдид қилишга ўтгани таъкидланган.

Мавзуга оид