Фан-техника | 09:03 / 28.09.2016
6343
2 дақиқада ўқилади

Jeep янги шаҳар тоифасидаги кроссоверини намойиш этди

АҚШнинг Jeep компанияси янги авлод Compass кроссоверини намойиш этди. У савдо белгиси моделлари орасида иккита русум – аввалги Compass ва Liberty (Patriot)ни алмаштириши керак. Автомобилнинг Шимолий Америка бозори учун чиқарилган русуми расман 2016 йил ноябрида Лос Анжелес автосалонида тақдим этилади. 

Motor Authority нашрининг ёзишича, Compass моделининг Европа учун мўлжалланган намунаси эса, 29 сентябрь куни Парижда тақдим этилади. Nissan Qashqai, Kia Sportage ва Mazda CX-5 унинг асосий рақобатчилари бўлиши айтилаяпти. Янги авлод жипи ташқи кўринишдан Grand Cherokee машинасининг кичрайтирилган намунасини ёдга солади. Compass салонида мультимедиа тизимига эга каттагина сенсорли дисплей ва йирик ҳаво ўтказгичлар бор. 

Бироқ, ҳозирча, Compass’нинг техник жиҳатлари сир тутилмоқда. Шунга қарамай, норасмий маълумотларга кўра, автомобилнинг моторлари қаторига 1,4 литр, бензинли  4 цилиндр MultiAir Turbo киради. У 160 от кучига эга. Бундан ташқари, 2,4 литрли, 184 от кучига эга, Tigershark двигатели ҳам мавжуд. Шу билан бирга, модель 2,0 литрлик кучайтирилган агрегат билан ҳам жиҳозланиши мумкин. 

Дастлаб, машина уч хил намунада: Sport, Longitude ва Limited русумида ишлаб чиқилади. Кейинчалик кроссовернинг яна битта Trailhawk модели мижозлар эътиборига ҳавола этилади. 

Мавзуга оид