Жамият | 18:26 / 17.10.2016
9525
2 дақиқада ўқилади

Брюсселда яшовчи албан фаррош 168 миллион евро ютиб олгач ишга келмади

Ўтган ҳафта охирида Бельгия тарихидаги энг катта миқдордаги "Евромиллионлар" лотерея мукофотини қўлга киритган брюсселлик фаррош 17 октябрь, душанба куни ишга чиқмаган. Бу ҳақида Soir газетаси маълум қилди. 

Лотерея сайти маълумотларига кўра, мукофот пули миқдори 168 миллион еврони ташкил қилган. Бу Бельгияда ютиб олинган 12-мукофот бўлиб, мамлакат тарихидаги энг йирик мукофот ҳисобланади (бундан аввалги рекорд 100 миллион евродан иборат бўлган). Ғолиб номи хавфсизлик юзасидан эълон қилинмаган, бироқ унинг расми чоп этилган. 

Манбага кўра, ғолиб албан миллатига мансуб, у - 4 нафар фарзанднинг отаси, ёши - 45дан ошган. У ўзи ҳақида футбол, балиқли таомлар ва Роберт де Ниро иштирокидаги фильмларни севишини айтиб берган. Лотерея чипталарини эса 10 йилдан буён сотиб олишни канда қилмаган. Мукофот пулини нимага сарфлаши ҳақидаги саволга у пулни ночор инсонлар билан бўлишишини маълум қилган.   

Фото: Loterie Nationale

Лотерея ўйини 11 октябрь куни ўтказилган. 

Ғолибнинг ишга келмаганлиги ҳақида хабар берган ҳамкасблари унинг касбини тарк этгани ёки унга қайтиши тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини таъкидлашган. 

“Евромиллионлар” лотереяси 2004 йилда таъсис этилган. Унинг чипталари Европанинг 9 давлатида сотилади. Чипталар ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари ўйналади. 

Мавзуга оид