Ўзбекистон | 14:42 / 18.10.2016
17631
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми бошланмоқда

2016 йилнинг 18 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов «Тошкент шаҳрида 2016-2017 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш тўғрисида»ги 938-сонли қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилди.

Ушбу қарорга кўра, Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши муносабати билан аҳолига қулайликлар яратиш, ижтимоий соҳа объектларида хизмат кўрсатиш шароитларини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳридаги марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлашга ўтилади.   

«Тошкент иссиқлик электрмаркази», «Тошкент иссиқлик маркази», «Тошиссиққуввати» ИЧБ УКга марказлашган иссиқлик тизимининг барча қисмларини текшириш имкониятини таъминлаш учун 18 октябрдан Тошкент шаҳар иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракатини ишга тушириш вазифаси топширилган.    

Қарорда иссиқлик таъминоти, ижтимоий соҳа объектлари раҳбарларига туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, таълим муассасалари, касалхона ва поликлиникаларни 2016 йил 19 октябрдан, аҳоли турар-жой биноларини эса 20 октябрдан мунтазам иситишга киришишни ташкил этиш топширилган.

Шунингдек, тегишли ташкилотларга шаҳарда 2016-2017 йилги иситиш мавсуми даврида узлуксиз табиий газ, сув таъминоти ва электр энергиясини етказиб бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмасига кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти тизимининг барқарор ишлаши учун мутасадди ходимлар ва аҳоли томонидан қоидаларнинг бузилишига йўл қўймасликни назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Мавзуга оид