Ўзбекистон | 21:36 / 26.10.2016
22699
2 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Ўзбекистон делегациясининг Ўш вилоятига ташрифи

Фото: gov.kg

26 октябрь куни Ўзбекистон республикаси бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов бошчилигидаги делегация жавоб тариқасидаги ташриф билан Қирғизистоннинг Ўш вилоятида бўлди. Ўзбекистон делегацияси таркиби Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари, давлат органлари, илм-фан ва маориф, маданият ва санъат соҳалари вакилларидан иборат бўлди.

«Достук» НЎПда Ўзбекистон делегациясини Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Мухамметкали Абулгазиев, бош вазир ўринбосари Жениш Разаков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Данияр Сидиков, Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари раҳбарлари, оқсоқоллар, жамоат ва маданият вакиллари кутиб олди.

Ташриф доирасида делегация Ўш давлат университетида бўлиб, тиббиёт факультети фаолияти билан танишди. Талабалар олдида сўзга чиққан Адҳам Икрамов икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва дўстона қўшничилик алоқаларининг бузилмас эканини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон вакиллари Ўш марказий майдонида ташкиллаштирилган турли маданий тадбирларда иштирок этди, шунингдек, фермерларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда маҳаллий усталарнинг қўл меҳнати намуналари ярмаркаларини томоша қилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Мухамметкали Абулгазиев бошчилигидаги қўшни давлат делегацияси Ўзбекистон томони таклифи билан Андижон вилоятига ташриф буюрган эди. Ташриф якунлари бўйича икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоланган.

Мавзуга оид