Иқтисодиёт | 23:29 / 03.11.2016
10824
2 дақиқада ўқилади

Миср фунтининг қадри 32 фоизга тушди

Фото: Reuters

Миср марказий банки миллий валюта – Миср фунтини мамлакатда доллар танқислиги ошаётгани ва иқтисодий тартибсизлик ортида эркин сузишга қўйиб юборди. Миср фунтининг АҚШ долларига нисбатан расмий курси деярли 32 фоизга қадрсизланиб кетди.

Миср марказий банки бир онда миллий валютани эркинлаштириш қарори "Мисрнинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ўз ислоҳотлар дастури"нинг бир қисми эканлигини айтди. Миср Халқаро валюта жамғармасидан 12 млрд долларлик кредит берилишини кутмоқда. Жамғарма эса Миср ҳукуматини курсни шакллантириш сиёсатига тузатишлар киритишга чақирганди. 

Марказий банк долларнинг курсини бир долларга 13 фунт плюс/минус 10 фоиз қийматида белгилади. Бунгача расмий курс бир долларга 8,8 фунт эди. Бироқ долларнинг Миср банкларида сотиб олиниши қатъий чекланган эди, маҳаллий бизнес эса валюта сотиб олишда борган сари кўпроқ қора бозор хизматидан фойдаланиб келаётганди. Бунгача қора бозорда доллар 18 фунт, яъни расмий курсдан 2 маротаба қимматроқ турган.

Эндиликда Мисрдаги банклар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари долларга исталган нархни қўйиши ва истаган курсида валюта сотиши мумкин. Марказий банкнинг бундан мақсади валюта айирбошлашнинг норасмий бозорига чек қўйишдан иборат.

Валюта тартибининг эркинлаштирилиши Мисрнинг Халқаро валюта жамғармасидан 12 млрд долларлик кредит олишининг шартларидан бири бўлган. Кредит августда тасдиқланган, бироқ ҳали жамғарманинг ижрочи кенгаши томонидан тасдиқланмаган.

 

Мавзуга оид