Жамият | 19:53 / 16.11.2016
8733
2 дақиқада ўқилади

Оксфорд луғати йил сўзини маълум қилди

Фото: Caleb Jones / AP

Оксфорд луғати post-truth сўзини йил сўзи сифатида эътироф этди, бу сўз инглизчадан таржима қилинганда "кейинги ҳақиқат" деганини англатади. Бу ҳақда Oxford University Press нашри хабар бермоқда.

Оксфорд луғатига кўра, бу сўз "жамоатчилик фикрини шакллантиришда объектив фактлар ҳис-туйғулар ва шахсий фикрларга чорлашда камроқ муҳимроқ бўладиган вазиятларни таърифлайди ёки белгилайди". Oxford University Press’нинг таъкидлашича, "кейинги ҳақиқат ғояси" охирги ўн йил ичида мавжуд бўлсада, бироқ луғат муаллифлари бу сўзга июнда ўтган Brexit бўйича референдум ва ноябрда ўтган АҚШ президентлиги сайловларидан кейин қизиқиш авж олганини пайқаганлар.

Луғат тузувчиларининг айтишича, "кейинги ҳақиқат" сўзи 1992 йилда Форс кўрфазидаги ихтилоф ҳақида ёзган, серб-америка драматурги Стив Тесичнинг матнида ўзининг замонавий маъносида биринчи марта қўлланган.

2016 йилнинг сўзларига даъвогар сўзлар орасида, шунингдек, "брекситер" (Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишини ёқловчи одам), "уйғонган" (жамиятдаги ноҳақлик ҳақида огоҳлантириш) ва данияликлар тилидан олинган "хюгге" ("нақадар ёқимтой") сўзлари бўлган. 

2015 йилда Оксфорд луғати йил эмодзиси сифатида 😂 белгисини эътироф этганди. Бу белги расман "қувонч ёшлари оқаётган юз" деб аталган. Луғат эмодзини электрон алоқа воситаларида ғоя ёки ҳис-туйғуни ифодалаш учун қўлланадиган кичик рақамли тасвир ёки иконка сифатида таърифлайди. Бу сўз японча 絵 — сурат ва 文字 — белги сўзидан тузилган.

 

Мавзуга оид