Ўзбекистон | 18:48 / 23.11.2016
13569
7 дақиқада ўқилади

Уй-жой-коммунал хизматлар замонавий, арзон ва сифатли бўлиши лозим!

Фото: Uz24

Бугун мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яна бир муҳим сиёсий имтиҳон — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур сайлов мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа ҳисобланиши билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ХДП ўзининг X қурултойида мазкур сиёсий жараёнда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон танлаган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилаётган сиёсатни изчиллик билан давом эттириш, сайловчиларнинг демократик онгу тафаккурини ошириш, фуқароларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, умуман олганда сайловга пухта тайёргарлик кўриш масаласида муҳим вазифаларни белгилаб олди.

Турмушимиз сифатини кўрсатадиган муҳим омиллардан бири, шубҳасиз, уй-жой масаласи, коммунал хизматларнинг барча учун мақбуллигидир. Коммунал хизмат кўрсатишнинг ривожлангани нафақат жамият маданияти, маиший турмуш тарзи даражасини ифода этади, балки иқтисодий салоҳият ўсиши ва инвестициялар жалб қилиш учун ҳам муҳим шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг узвий таркибий қисми ҳисобланади.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов уй-жой-коммунал соҳага тегишли муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ аниқ ташаббусларни илгари сураяпти. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтказилган таҳлиллар бу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уй-жой-коммунал соҳасини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунга асосланиб, Хатамжон Кетмонов ўз Сайловолди дастурида бу масалалар муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар акс эттирилди.
Шундай қилиб, Хатамжон Кетмонов сайловолди дастурида товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги ғояси илгари сурилмоқда. Албатта, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири аҳоли, шу жумладан, унинг кам даромадли қатламлари учун бирламчи эҳтиёж бўлган товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашдан иборатдир. Номзод бу масалада мустақил тараққиёт йилларида эришилган натижаларни юқори баҳолайди ва ижтимоий аҳамиятга молик товар ҳамда хизматларга нархларнинг шаклланиши устидан давлат назорати самарадорлигини янада ошириш тарафдоридир. Коммунал хизматларнинг нархлари, тарифлари ўсиши эса ойлик маош, пенсия, стипендиялар ҳамда ижтимоий нафақаларни ошириш кўрсаткичларидан юқори бўлмаслиги зарур, деб ҳисоблайди.

Шу мақсадда Хатамжон Кетмонов ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга бўлган субъектларнинг монополистик фаолиятини чеклашга йўналтирилган сиёсат самарадорлигини ошириш зарурлигини, уй-жой ва коммунал хизматлар, ижтимоий инфратузилма объектлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам даромадли қатламлари учун мақбул бўлишини таъминлаш бўйича давлат бошқарувини кучайтириш кераклигини алоҳида таъкидлайди. 
Кейинги йилларда амалга оширилаётган қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуришга қаратилган кенг кўламли дастурлар аҳоли турмуши ва яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ишларни изчил давом эттириш билан бирга, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий эттирилишига эришиш номзоднинг асосий диққат марказидадир. Бу эса аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд, кам даромадли қатламларининг ҳам сифатли уй-жой шароитлари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Коммунал хизматлар ва кўп қаватли уйларда турар жойдан фойдаланиш харажатларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эгадир. Шу муносабат билан Хатамжон Кетмонов тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматларни кўрсатишнинг арзон ва муқобил турларини ривожлантириш ғоясини илгари сурмоқда. Шунингдек, табиий монополия субъектлари бўлган корхоналарнинг хизматлари, жумладан, электр ва иссиқлик қуввати, газ таъминоти, ичимлик суви ва канализация хизматларига нарх ва тарифларни ўрнатишнинг иқтисодий асосланган аниқ мезонларини ишлаб чиқиш тарафдоридир.

Мамлакатимизда уй-жой-коммунал соҳаси бўйича муносабатларни тартибга солиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни яратиш мақсадида тегишли қонунлар, ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинган ҳамда тегишли дастурлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида эса мавжуд қонунларимизнинг кўпчилигини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган. Демак, уй-жой-коммунал соҳасидаги қонунчиликни ривожлантириш Хатамжон Кетмоновнинг ўз сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифалардан биридир.

Бу соҳада ишлаб чиқиладиган янги қонун ҳужжатлари юқоридаги муаммолар билан бирга, коммунал соҳага замонавий технологияларни киритишни янада жадаллаштириш, коммунал хўжалиги хизматларини ташкил этишда, коммунал хизматлар нархларининг ўзгариши, хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ундирилиши каби муаммоларни самарали ҳал этишга ҳам хизмат қилиши керак.

Шу билан бир қаторда соҳадаги айрим корхоналар томонидан кўрсатилаётган коммунал хизматлар учун тўловлар билан боғлиқ баъзи муаммолар учраб турганлиги ҳам сир эмас. Соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш орқали уларга самарали ечим топиш имкониятлари жуда катта. Тобора шиддат билан тараққий этиб бораётган бугунги куннинг ўзи коммунал хизмат ходимларининг иш жараёнларига ахборот тизимларини қўллаш ва уларнинг масъулиятли ишини автоматлаштириш заруратини келтириб чиқарди. Автоматлаштирилган ахборот тизимларининг қўлланилиши эса коммунал тўлов ҳисоб-китобларига кетадиган харажатларни камайтириш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун ҳам, аҳоли учун ҳам катта қулайликлар туғдиради.

Шу маънода, мамлакатимизда уй-жой-коммунал хўжалиги муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонунчиликни Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш зарур. Буларнинг барчаси уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада замонавийлаштириш, уларнинг арзон ва сифатли бўлишини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмоновга овоз беринг!

ЎзХДП МК Матбуот хизмати

 

Мавзуга оид