Жаҳон | 08:18 / 27.11.2016
5481
2 дақиқада ўқилади

Пан Ги Мун Ашхабодда БМТнинг янги ваколатхонасини очди

Фото: © RIA

БМТ бош котиби Пан Ги Мун 26 ноябрда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов билан Марказий Осиёдаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилди ва шунингдек, БМТнинг Ашхабоддаги янги ваколатхонасини очди. БМТ бош котиби девонхонасида маълум қилинишича, Пан Ги Мун бундан аввал Ашхабодда ўтаётган барқарор транспорт тизими бўйича халқаро анжуманда чиқиш қилди.    

Пан Ги Мун анжуман иштирокчиларини транспортни хавфсиз, ҳамёнбоп ва экологик тоза қилиш учун "дадил ва инновацион қадамларни" кўришга чақирди. Унинг айтишича, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисаларида 1,2 млн дан кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмади, улардан 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшаган одамлардир.

Бундан ташқари, бош котиб ҳар йили 3 млн киши атроф-муҳитнинг ифлосланиши сабабли юзага келган касалликлар сабабли ўлишини маълум қилди. "Бизга экологик тоза ва ҳамёнбоп транспорт тизимлари зарур. Илмий-техник тараққиёт бунга эришишда ёрдам беради", деб таъкидлаб ўтди БМТ бош котиби. 

БМТ бош котиби Туркманистон президентига ташкилотнинг янги биноси учун миннатдорчилик билдирди. Пан Ги Мун Гурбангули Бердимухамедов билан суҳбати чоғида, шунингдек, камбағаллик, очарчилик ва глобал исишга қарши курашни кўзда тутувчи барқарор тараққиёт мақсадларининг Туркманистонда амалга оширилишидаги тараққиёти ҳамда минтақавий ҳамкорликни муҳокама қилди.  

БМТнинг расмий сайтидаги маълумотга кўра, 27 ноябрда якунланадиган Ашхабоддаги анжуманда 1,5 мингга яқин киши, жумладан давлатлар раҳбарлари ва бош вазирлари, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятлари вакиллари иштирок этмоқда.    

 

Мавзуга оид