Ўзбекистон | 18:36 / 13.12.2016
134795
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бош вазирлигига номзод Абдулла Орипов таржимаи ҳоли

Абдулла Ниғматович Орипов Ўзбекистон давлат арбоби, Республика Бош вазири ўринбосари, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари билан шуғулланади. 

Аввал хабар қилганимиздек, Абдулла Орипов номзоди Ўзбекистондаги ҳукмрон партия ЎзЛиДеП томонидан Бош вазирлик лавозимига илгари сурилган. Эндиликда, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати унинг номзодини Ўзбекистон Республикасининг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев ўз вазифасига киришганидан сўнг, Бош вазирлик лавозими хусусида берадиган тавсиясига кўра тасдиқлаши керак. 

Абдулла Ниғматович Орипов – 1961 йил 24 майида Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида дунёга келган. Миллати – ўзбек, маълумоти – олий. У 1983 йилда Тошкент Алоқа электротехника институтини тамомлаган. 

1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида 1-тоифали муҳандис сифатида фаолият юритган. 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигида бош мутахассис, 1993-1995 йилларда «Ўзимпэксалока» ташқи савдо фирмасининг директор ўринбосари вазифасида ишлаган.

1995 йилда Ўзбекистон Алоқа вазирлигининг қурилиш ва таъминот бўлими раҳбари бўлган. 1995-1996 йилларда «ТашАфиналАЛ» ҚКнинг бош директори лавозимида фаолият юритган. Шу йиллар мобайнида, Ўзбекистон Алоқа вазирлиги хусусийлаштириш ва рақобатни кучайтириш бўлимини ҳам бошқарган. 

1997 йилда Ўзбекистон почта ва телекоммуникация агентлиги бозор ислоҳотлари ва қимматли қоғозлар бўлими раҳбари бўлган. 1997-2000 йилларда, Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантириш Давлат фондини ҳам бошқарган. 

2000-2001 йилларда Ўзбекистон почта ва телекоммуникация агентлиги директори ўринбосари, 2001 йил 15 августдан агентлик бош директори лавозимида ишлаган. 2002 йил 30 майида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари этиб тайинланган. У алоқа ва ахборот-телекоммуникация технологиялари масалалари билан шуғулланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ҳисобланган. 

2005 йил 4 февралида ўз лавозимларига қайта тасдиқланган. 2009 йил октябридан бошлаб ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларига доир масалалар билан ҳам шуғулланган ҳамда МДҲ мамлакатларидаги ҳамкорлар билан алоқаларга жавоб берган. 

2012 йил августидан Бош вазир ўринбосари лавозимидан олинган, аммо айни вақтда Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар мажмуасида раҳбарлик қилишда давом этган. 

2016 йил сентябридан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида тайинланган ва ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари билан шуғулланиш ишониб топширилган. 

2016 йил 12 декабрида Ўзбекистоннинг ҳукмрон ЎзЛиДеП партияси томонидан Бош вазирлик лавозимига номзоди кўрсатилган. 

Абдулла Орипов оилали, беш нафар қизи бор. У, шунингдек, иқтисод фанлари номзоди илмий унвонига ҳам эга. Орипов «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган. 

Манба: wikipedia.org

Мавзуга оид