Жамият | 20:44 / 15.12.2016
52988
4 дақиқада ўқилади

Фотожараён: Андижонча ошнинг киши билмас сирлари

Фото: Kun.uz

Илдизлари мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган халқимнинг дунёга кўз-кўз қилгудек қадриятлари бисёр. Ўзбек палови маданияти ва анъаналари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам бунга яққол мисолдир. Дарҳақиқат, палов – ўзбек ошхонасининг гултожи ҳисобланади. Халқимизда уни бежиз эркалаб “паловхонтўра”, дея атамайдилар. Хонадонга келган энг азиз меҳмон тўрга ўтқазилиб, албатта, палов билан сийланади. Унинг “Тошкентча палов”, “Самарқандча палов”, “Шодибек палов” сингари барча вилоятларимизда ўзига хос тарзда тайёрланадиган 30дан зиёд тури мавжуд.

Унинг яна бир номи – ош. Паловни маромига етказиб пиширадиган маҳоратли ошпазлар юртда алоҳида ҳурматга сазовор киши сифатида қадрланадилар. “Таом тайёрлаш – илмга асосланган бир санъатдир”, деган эди миллий таомларимиз ҳақида энг кўп китоб битган олим - Карим Маҳмудов. Дарҳақиқат, паловхонтўра масаллиқдан то таом бўлгунча қовурилиб, қайнатилиб сўнгра димланиб, мураккаб технологик жараёнларни ўз ичига олади. Шундай экан, паловни мазали қилиб тайёрлаш пазандадан алоҳида малака талаб қилиши тайин. 

Бугун биз таништиришни мақсад қилган “Андижонча палов” дунёга донғи кетган ош турларидан бири бўлиб, Асакадаги “Чўнтак”, Андижон шаҳридаги “Беҳизор”, “Шаршара,” “Табассум”, “Дониёр”, ва Пахтаободдаги “Оталар” чойхоналарида пиширилган ошдан тановул қилган меҳмонлар: “Андижонча ошни емабсиз, бу дунёга келмабсиз”, дея таъриф бериши ҳам бор гап.

Асосан қўй гўшти билан ва қўй ёғида қовуриб тайёрлангани сабабли Андижонча палов ғоят иссиқлик таом ҳисобланади. 

Олтинкўлнинг файзли “Ашурали ота” чойхонасида паловни қандай тайёрланиши ҳақида фотомақола тайёрлашни мақсад қилдик. Қани, палов пишириш жараёнига марҳамат!

1- сурат: Масаллиқ: Девзира гуруч, қўй гўшти, қўй ёғи, пиёз, сабзи, зира, қалампир ва саримсоқ пиёз.

2- сурат: Ошпаз йигит Хожиакбарнинг таклифи билан ўчоқбошига йўл      оламиз

3. Қозонбошида ошни бошлаш учун ҳамма масаллиқлар тайёр.

4. Қозонни қуруқ қиздиргандан сўнг думба ёғи солинади. 

5. Ўртача олов бериб эритиб, жиззаси олинади.

6. Жиззага пиёз ва кўкатлар билан безак берилади.

7. Олтинранг жизза иштаҳани қўзғаб, дастурхонга тортилади.

8. Қозонга пиёз солинишининг айни вақти.

9. Энди навбат гўштга. 

10. Гўштнинг сирти қобиқ олгунча кавланиши керак.

11. Сабзи ташланиб, мўртлиги йўқолгунча қовурилади.

12. Сув қўйиш вақти ҳам етиб келди. 

13. Суст оловда милдиратиб қайнатиш жараёни.

14. Палов зирваги меъёрига етиб қайнагач, навбат гуруч солишга етиб келди. 

15. Ўчоқдаги ўтни пасайтириб, гуручга сув қўйилади. Бу жуда маъсулиятли палла бўлиб, пазандадан гуручнинг қанча сув кўтаришини ҳис эта билиш талаб қилинади. 

16. Аланга кучайганида паловнинг бир текис қайнашига эришиш зарур.

17. Суви тортилганидан сўнг гуруч қозон ўртасига гумбаз қилиб тўпланади.

18. Палов устига дамтовоқ ёпилади.

19. Азиз меҳмонлар паловни тайёр бўлиши кутиб, гурунг қилиб ўтирибдилар.

20. Мана дамтовоқ ҳам олинди.

21. Сўнг палов яхшилаб аралаштирилади.

22. Тайёр таомни сопол товоққа ҳам солиб бўлдик.

23. Энди уни меҳмонлар дастурхонига тортамиз.

24. Қани, паловдан олинг!

Ушбу фотомақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Андижон вилояти ҳокимлиги, Олтинкўл тумани ҳокимлиги ҳамда “Ашурали ота” чойхонаси мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.     

Kun.uz сайти учун махсус. Элмурод Эрматов, Андижон.

Мавзуга оид