АҚШлик маҳбус Обаманинг афв этишидан воз кечди
Гиёҳванд моддаларни тарқатиш учун жазо ўтаётган ва АҚШ президенти Барак Обама томонидан афв этилган маҳбуслардан бири Арнольд Жонсон муддатдан аввал озод этилишдан воз кечди. Жонсон Обаманинг афв этишидан воз кечган биринчи маҳбус бўлди. Бу ҳақда USA Today нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, маҳбуснинг бундан воз кечишига афв этишнинг мажбурий шарти ҳисобланувчи – гиёҳвандларни даволаш бўйича мажбурий дастурда иштирок этишни истамаслиги сабаб бўлиши мумкин. АҚШ Турмалар федерал бюроси маълумотларига кўра, дастур бундай маҳбусларни жамиятдан 9 ойга яккалашни кўзда тутиб, бу давр ичида афв этилувчи жадал даволаш курсидан ўтади. Нашрнинг таъкидлашича, агар маҳбус даволаш курсидан ўтганда, у икки йилдан кейин озодликка чиқиши ва шу тариқа ўз жазо муддатини 4 йилга қисқартириши мумкин эди.
Маҳбуснинг ишида кўрсатилишича, у турмага тушишдан аввал бир йил давомида ҳар ҳафта кокаин қабул қилган, унинг гиёҳвандликдан фориғ бўлишга аввалги уринишлари фойда бермаган.
АҚШ ҳукумати бу ҳолатга изоҳ бермади.
Обама 4 мингдан кўпроқ маҳбуснинг озодликка чиқишига ёки уларнинг жазо муддатини қисқартиришга изн берган, улардан кўпчилиги 2016 йилда афв этилганлар.
Обама маъмурияти кичик миқдордаги гиёҳванд моддалар учун жазоланган маҳбуслар нормал ҳаётга қайтиши учун уларнинг жазо муддатларини камайтиришга уриниб келмоқда. 1986 йилда АҚШда 50 грамм ёки ундан кўпроқ миқдорда кокаин сақлаганлар учун 10 йилдан умрбод қамоқ муддатигача жазони кўзда тутувчи қонун қабул қилинган. Кейинчалик қонун ўзгартирилиб, эндиликда 280 грамм ва ундан кўпроқ кокаин ёки уни ишлаб чиқариш учун зарур хом ашёни сақлаганлик учунгина катта қамоқ муддатлари берилади.